Жаҳон | 12:51 / 26.03.2017
5320
1 дақиқада ўқилади

Ҳонгконг маъмурияти раҳбарлиги учун сайловда Кэрри Лам ғалаба қозонди

Ҳонгконг маъмуриятини келаси беш йил мобайнида 59 ёшли Кэрри Лам бошқарадиган бўлди. Пекин ҳукумати қўллаб-қувватлаган аёл номзод сайловда рақибларини ортда қолдирди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, у сайловчилар ҳайъати аъзоларининг 777 овозига эга бўлди. Биринчи турда ғалаба қозониш учун 600дан ортиқ овоз тўплаш кифоя қилар эди. 

Ламнинг асосий рақиби, собиқ молия вазири Жон Цанг 365 овоз тўплаган. Учинчи номзод, Апелляция судининг собиқ ҳаками Ху Госинни атиги 21 нафар сайловчи қўллаган. Сайловчилар ҳайъатига 1194 нафар молия, саноат, илмий, диний доиралар, жамоатчилик, таниқли бизнес вакиллари ҳамда сиёсий арбоблар киради. 

Кэрри Лам маҳаллий маъмуриятда 2012 йилдан 2017 йил бошигача асосий вазир вазифасини бажарган. У сайловнинг шубҳасиз етакчи номзоди ҳисобланган эди. Расмий Пекин, хабардор манбаларга кўра, айнан унинг номзодини қўллаб-қувватлашга қарор қилган. 

Мавзуга оид