Жамият | 16:28 / 29.03.2017
7848
4 дақиқада ўқилади

Ташқи савдо шартномаларига мўлжалланган дастурий таъминотнинг янги версияси ишга тушди

Давлат божхона қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг  I ярим йиллиги учун “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси”га мувофиқ оммавий ахборот воситалари учун “Божхонада интерактив хизматлар – тадбиркорлар учун таянч” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги А.Саидов мавзу юзасидан маъруза қилди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига жами 35 та автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилган, шундан 22 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтган. Тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувига доир бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳозирда 22 турдаги  интерактив хизмат амалиётга жорий этилган. 

Уч йилдан ошди-ки, республикада тадбиркорлар томонидан “Товарларни электрон декларация қилиш” интерактив хизмати орқали товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш имконияти йўлга қўйилган. Ушбу хизмат жорий қилинган 2014 йилнинг ўзидаёқ 98,7 фоиз божхона юк декларациялари электрон шаклда расмийлаштирилди. Сўнгги 2 йилда эса бу кўрсаткич 99, 9 фоизни ташкил қилди.

Шунингдек, божхона юк декларациясига илова хужжатларини (инвойс, накладной, контракт ва бошқалар) электрон шаклда тақдим этиш натижасида ҳар йили тадбиркорлар томонидан 60 тоннага яқин қоғоз иқтисод қилинмоқда. Энг муҳими эса товарларниг божхона расмийлаштируви учун сарфланган вақт 4,7 мартага қисқарган.

Энг оммалашган интерактив хизмат турларидан бири, бу тадбиркорлик фаолияти субъектлари ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона элетрон ахборот тизими орқали рўйҳатдан ўтказишдир.

Ушбу хизмат орқали эндиликда тадбиркорлар шартнома ва бошқа тегишли ҳужжатларни божхона постига қоғоз кўринишида олиб келишларига ҳожат қолмади. 2016 йилда эса жами шартномаларнинг 99,9 фоизи яъни 106 мингдан ортиқ шартнома ва уларга қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилган.  Жорий йилнинг 1-чорагида эса бу кўрсаткич 30 мингга етди.

Яна бир янгилик шунда-ки, жорий йилнинг март ойидан бошлаб, ташқи савдо шартномаларини электрон шаклга ўтказиш учун мўлжалланган E-KONTRAKT 2 дастурий таъминотининг янги версияси ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини қисқартириш мақсадида ишга туширилган мазкур янги дастурий таъминотда шартномалар ижроси бўйича барча маълумотларни, шу жумладан банк томонидан киритилган маълумотлар ва БЮД бўйича маълумотларни божхонага мурожаат этмасдан, тўғридан-тўғри ўзлари интернет орқали олиш имконияти ишлаб чиқилди. Мазкур электрон хизмат тадбиркорлар томонидан яхши кутиб олинди, ўтган бир ойгина вақт ичида ушбу хизматдан 541 та тадбиркор фойдаланган ва улар божхонага мурожаат этмасдан бевосита электрон шаклда олишга эришдилар.

Мавзуга оид