Жаҳон | 17:12 / 30.03.2017
9771
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Марказий Осиёдаги иқтисодий ўсиш ва барқарорлик марказига айланмоқчи

Фото: РИА "Новости"

Қозоғистон ҳукумати республикани Марказий Осиёдаги иқтисодий ўсиш ва барқарорлик марказига айлантирмоқчи. Бунда минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик принципига амал қилинади, дея маълум қилди Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахманов.

Қозоғистон ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, Абдрахманов 28-29 март кунлари Парижга амалий ташриф билан борди. Ташрифнинг асосий тадбирига Франция, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг Франция ва Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилган қўшма учрашуви айланди.

"Биз Қозоғистонни минтақадаги иқтисодий ўсиш ва барқарорлик марказига айлантириш тарафдоримиз ҳамда франциялик дўстларимиз ва минтақа бўйича қўшниларимиз билан кенг ҳамкорлик учун очиқмиз", - дея айтиб ўтди вазир тадбирда чиқиш қилиб.

У Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик принципларига риоя этишига эътибор қаратди. "Биз сўнгги вақтларда минтақамиз ривожида кузатилаётган ижобий ҳолатлардан хурсандмиз. Бу Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда ҳал қилинмайдиган муаммолар йўқлигини яна бир карра исботлайди", - дея таъкидлаб ўтди Абдрахманов.

Қозоғистон ТИВ раҳбарининг ишонч билдиришича, Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик, ҳамкорлик ва ривожланишнинг минтақавий модели ташкил этилиши мумкин. Бунда барча давлатлар манфаати ҳисобга олинади.

Абдрахманов юқори даражадаги сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича Европа иттифоқи – Марказий Осиё Мулоқоти муҳим ўрин тутишини тасдиқлади.

Мавзуга оид