Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москва шаҳрида патент олганларнинг деярли ярми - Ўзбекистон фуқаролари
Москвада ишлаш учун хориж фуқароларига патент берувчи ягона ташкилот - Сахароводаги кўп функцияли миграция маркази (КММ) Ўзбекистоннинг қанча фуқароси у ерда ишлашга рухсат олганига доир рақамларни эълон қилди.
Марказ бош директори Николай Федосеевнинг сўзларига кўра, 2016 йилда патент олганлар умумий сонининг тахминан 45 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этган.
Бу маълумот Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегациянинг Москвага ташрифи чоғида маълум қилинган. Ташрифдан мақсад Марказ фаолияти билан танишув, бир қатор масалалар муҳокамаси бўлган, ўзбекистонликларни марказ хизматларидан бохабар қилиш ҳам шулар жумласидандир.
Николай Федосеев меҳмонларни миграция марказининг барча зоналари билан таништириб чиқиб, патент олиш, шунингдек ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда КММ ҳудудида хорижий фуқароларга ўз хизматларини таклиф қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш жараёнлари ҳақида сўзлаб берди.
Азиз Абдуҳакимов марказни кўздан кечириш давомида патент олаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан мулоқот қилди ва уларнинг марказ томонидан таклиф қилинаётган хизматларга доир фикрларини ўрганди.

"Бизнинг фуқароларимиз Россия Федерацияси ҳудудида маҳаллий қонунчиликка риоя қилиши, солиқ тўлаб ва Россия иқтисодиётига ҳисса қўшиб, тўлиқ ҳимояланиши кераклигидан манфаатдормиз, - деди Абдуҳакимов. - Биз ҳам ўз томонимиздан бу ерда уларнинг ҳуқуқи ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишларни амалга оширмоқдамиз".
Николай Федосеев Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги делегациясига республика ҳудудида мигрантларни хабардор қилишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва бу соҳадаги ҳамкорликнинг катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ўзбекистон вакиллари мигрантларни хабардор қилишда ўз ёрдамларини таклиф қилишди: улар Ўзбекистон аэропортлари, вокзаллари ва чегара пунктларида КММда патент расмийлаштиришга оид қўлланмалар ва рисолалар тарқатишни йўлга қўйишади. Шунингдек томонлар бундан кейин ҳам меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.
Мавзуга оид
09:01 / 13.05.2026
АҚШ билан меҳнат миграцияси бўйича янги келишувларга эришилди
18:17 / 20.04.2026
Германияга 40 минг ҳамшира: Ўзбекистон янги меҳнат бозорларини очади
09:41 / 06.04.2026
Хорватия ўзбекистонлик мутахассислар учун эшикларни очиши мумкин
08:25 / 06.02.2026