Жамият | 20:58 / 05.04.2017
8094
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг лифтлари янгиланмоқда

5 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси берган маълумотларга кўра, 2016-2017 йилларнинг куз-қиш мавсумида 1 055 марказий диспетчерлик хизматига келиб тушган 14 319 та мурожаатдан 14 300 таси ўз вақтида бартараф этилган.

Ўзбекистон Президенти томонидан 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилингани муносабати билан, шунингдек шаҳар аҳолисининг мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларини ижобий ҳал қилиш мақсадида барча коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида ва 11 туманда 73 та "Фуқаролар қабулхонаси" ташкил қилинди.

2016 йил ва 2017 йилнинг уч ойи давомида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кўп қаватли турар уйларнинг 582 фасади таъмирланган.

2016-2021 йилларда Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг 1000 та лифтини босқичма-босқич алмаштириш кўзда тутилган. Жумладан, 2016 йилда 186 та лифтнинг монтаж ишлари якунланди, 114 таси ишга туширилди, 72 таси бўйича иш олиб борилмоқда ва 2017 йилда 179 та лифт ускунасини алмаштириш кўзда тутилган.

Кўп қаватли уй-жой фондларида 4 805 та лифт мавжуд бўлиб, шулардан 3 724 та лифтга 39 та махсус корхона ва ташкилотлар техник хизмат кўрсатади. Қолган 1 081 та лифтларга ХУЖМШлар томонидан хизмат кўрсатилади.

Кузги-қишки мавсумга тайёргарлик кўриш доирасида умумий хатлов ўтказилди ва 380 минг м.кв. томни мукаммал таъмирлаш ва 676 минг м.кв. жорий таъмирлаш, 4 731 кириш йўлакларини таъмирлаш, 560 та лифтни жорий таъмирлаш, 179 та лифтни алмаштириш, 4 380 та уйнинг ертўла қисмида муҳандислик тармоқларини таъмирлаш, 469 минг п.м.миқдоридаги тик қувурларни таъмирлаш, 580 360 м.кв. уй олди йўлакларини таъмирлаш, 4 373 та видеокузатув тизимларини ўрнатиш, турар-жойларнинг кириш йўлакларида 523 та кодли қулфларни ўрнатиш, 345 та болалар майдончасини қуриш ва бошқаларни назарда тутувчи 25 та асосий йўналишдан иборат бўлган уй-жой фондини 2017-2018 куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича Комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бу мақсадлар учун 239,6 миллиард сўм, жумладан 197,6 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ҳисобидан, 25,7 миллиард сўм ХУЖМШ маблағлари ва 15,3 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан режалаштирилган.

Мавзуга оид