Жамият | 17:36 / 05.04.2017
10679
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 250 миллион сўмлик товарлар яширинча олиб кирилишининг олди олинди

“Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Хитойдан ҳусусий тадбиркор Р.Ғофуров (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) номига келтирилган турли асбоб-ускуна ва технологик жиҳозларнини божхона кўригидан ўтказиш давомида кутилмаган ҳолатга дуч келишди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур асбоб-ускуналарнинг орасидаги барча бўшлиқлар божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 23 турдаги 129 дона ошхона идишлари ва анжомлари билан тўлдирилган экан. Шу тариқа қоидабузар қиймати 29 млн. сўмдан ортиқ бўлган товарларни яширин йўллар билан олиб киришга уринган.

Мазкур пост ходимлари “B.N.Ch.” (номлар қисқартирилган) хусусий корхонаси номига келтирилган газламаларни импорт божхона режимига расмийлаштириш жараёнида яна бир айёрликни фош қилишди. Божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида ушбу газламаларнинг эни икки баробарга қисқартирилган ҳолда тахланиб, сўнгра тўп қилиб ўралган. Шу тарзда қиймати 51 млн. сўмдан ортиқ бўлган 5,1 минг м2  ўлчамдаги газламалар божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳолда, божхона назоратидан четлаб олиб киришнинг олди олинди.

Шунингдек,  ушбу постда терига ишлов бериш пайтида фойдаланиладиган 38 тоннадан ортиқ 3 турдаги кимёвий моддаларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилди. “М.G” масъулияти чекланган жамияти номига юборилган ушбу кимёвий воситалар ҳақида маълумотлар йўл-юк кузатув ҳужжатларида умуман кўрсатилмаган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид