Жаҳон | 20:08 / 09.04.2017
36809
2 дақиқада ўқилади

Стокҳолм теракти ижрочиси ўтган йилда Ўзбекистонга депортация қилиниши керак бўлганди

Швеция ҳукумати Стокҳолм теракти ижрочиси сифатида гумон қилинаётган 39 ёшли шахс полиция қидирувида бўлганини маълум қилди. Ушбу шахс депортация қилингач, қочиб юрганди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Полициянинг журналистларга маълум қилишича, 7 апрель куни Швеция пойтахтида одамларни босиб юриб, теракт содир этгани учун қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси 2014 йилда бошпана сўраганди. Ҳукумат унинг сўровини ўтган йилнинг июнида рад этади. Суд қарорига кўра у депортация қилиниши керак бўлган. Суд 4 ҳафта берган. Кейин у яширинган. 24 февраль куни полиция уни қидирувга берган. 

«У изсиз йўқолди. Уни ўзи кўрсатган манзилдан топишнинг имкони бўлмади», - деган Швеция полицияси вакили Жонас Ҳейсинг.

7 апрель куни Spendrups компаниясига тегишли бўлган ўғирлаб кетилган юк машинаси Стокҳолм марказидаги Дроттнинггатан кўчасида одамлар устига ҳайдалди. Ушбу ҳодиса оқибатида 15 киши жароҳат олди ва 4 киши ҳалок бўлди.

Теракт иши бўйича Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган 39 ёшли шахс қўлга олинганди, унинг шахси ҳозиргача маълум қилинмади.

Махсус хизматларнинг текширувларида аниқланишича, ушбу шахс ижтимоий тармоқлар орқали террористик гуруҳлар билан ҳам алоқада бўлган.

Мавзуга оид