Жаҳон | 17:51 / 12.04.2017
7761
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили Донбассдан девор кўтариб чегараланишни таклиф қилди

Грузининг собиқ президенти, Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили Донбассдан девор кўтариб чегараланишни таклиф қилди. 

"Мен Донбасснинг босиб олинган қисмидан чегараланиш учун девор қуриш ва бор эътиборни Украинанинг қолган қисмига қаратиш тарафдориман", - деб ёзди у Facebook'даги саҳифасида ва шу ернинг ўзида ўз чиқиши видеосини жойлаштирди. 

Саакашвилининг фикрича, Киев ҳозирча ўзини ўзи эълон қилган республикалар билан музокараларга киришмайди. Бунинг ўрнига мамлакат тараққиётига эътибор қаратиш керак, шунда келажакда Донбасснинг ўзи Украина таркибига кириш истагини билдиради, дейди у. 

"Ҳимоя деворини қурамиз ва бу босқичда мулоқотга киришмаймиз, қуролли кучларимизнинг мудофаа чизиғини мустаҳкамлаймиз ва тезлик билан Киевдаги вазиятни ўзгартирамиз, Украинани шиддат билан ривожлантирамиз, олдинга қараб олға қадам ташлаймиз", - деди сиёсатчи.

Унинг фикрича "икки, уч, тўрт, беш йилда бемалол бунинг уддасидан чиқса бўлади". Украинада яхши тайёргарликка эга армия пайдо бўлиб, мамлакат Европада ҳурматга сазовор бўладиган вақт келганда "Донбасснинг ўзи шарқий немислар каби бу деворни бузиб ташлайди". 

Мавзуга оид