Иқтисодиёт | 14:27 / 17.04.2017
18041
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистон олий таълим соҳасига кредит ажратди

Жаҳон банки Ўзбекистон олий таълим тизимини модернизация қилиш лойиҳаси учун 42,2 млн доллар маблағ ажратишга қарор қилди. Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассиси шу ҳақда Кун.uz’га маълум қилди. Унинг айтишича, ўтган ҳафта охирида имзоланган кредит битими “олий таълим соҳасида ахборот тармоғини барпо этиш”га йўналтирилади. 

Бундан ташқари, ўқув ва илмий лабораторияларни янги жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда илмий ишлар сифатини кўтариш мақсадида грантлар тақдим этувчи махсус жамғарма, электрон кутубхонани ташкил этиш ҳам мазкур кредит маблағи ҳисобидан қамраб олинади. Шу билан бирга, вазирлик вакилининг айтишича, бу мақсадга давлат бюджетидан ҳам маблағлар ажратилади. 

Мутахассиснинг айтишича, Жаҳон банки кредити 2017-2022 йилларга мўлжалланган бўлиб, жами 42,2 млн доллар босқичма-босқич ўзлаштирилади. 

Шунингдек, Ислом тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобидан ҳам турли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар устида иш олиб борилмоқда. Ислом Тараққиёт банкининг жалб қилиниши режалаштирилаётган 44,48 млн долларлик маблағлари ҳам асосан олий таълим муассасаларини замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлашга қаратилади. 

Мавзуга оид