Жаҳон | 12:10 / 20.04.2017
4846
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Brexit туфайли ЕИга қараганда кўпроқ нарсани йўқотиши айтилди

Буюк Британия Европа иттифоқини тарк этиш қарори туфайли, блокнинг бошқа мамлакатларига қараганда кўпроқ нарсани йўқотади. Бу ҳақда ЕИнинг хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Пекиндаги Цинхуа Университетида чиқиш қилиб айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги.

"Мен учун ЕИнинг барча аъзо-давлатлари бир хил мақомда, сабаби уларнинг баъзилари қатор соҳаларга бошқаларга қараганда кўпроқ ҳисса қўшиши мумкин. Бироқ менинг фикримча, британиялик дўстларимиз бизга қараганда кўпроқ нарсани йўқотишади", - дея маълум қилди Могерини талабаларга. “Улар ҳамжамиятга алоқаси бор эканлигини кўрсатишга мажбур бўлишади”, - дея қўшимча қилиб ўтди у. Европа дипломатияси раҳбарининг қайд этишича, ҳаттоки Буюк Британия чиқиб кетганидан сўнг ҳам ЕИ “дунёдаги биринчи бозор ва катталиги жиҳатидан энг йирик иккинчи жаҳон иқтисодиёти” бўлиб қолаверади.

Буюк Британиянинг ЕИдаги аъзолиги бўйича референдум ўтган йилнинг 23 июнь куни бўлиб ўтди, унда 51,9 фоизлик натижа билан евроинтеграцияга қарши бўлганлар ғалаба қозонди. 2017 йилнинг 29 март куни эса Британия бош вазири Тереза Мэй Европа кенгаши раҳбари Дональд Тускка мактуб юбориб, унда ЕИдан чиқиш жараёни бошлангани ҳақида маълум қилган. Ўша пайтдан бошлаб ЕИ тўғрисидаги Лиссабон келишувининг 50-моддаси кучга кирди ҳамда Буюк Британиянинг ҳамжамиятдан чиқиш бўйича икки йиллик музокаралар жараёнига старт берилди.

18 апрель куни эса Тереза Мэй Буюк Британияда 8 июнь куни муддатдан аввалги парламент сайловлари ўтказилиши ҳақида маълум қилди. Унинг тушунтиришича, бунга мамлакатнинг ЕИ таркибидан чиқишга оид бўлажак музокаралар сабаб бўлган ҳамда унинг қаршисида ҳукумат максимал кучли бўлиши керак экан. Британиялик депутатлар бош вазир таклифини қўллаб-қувватлашди.

Мавзуга оид