Жаҳон | 23:27 / 21.04.2017
60376
7 дақиқада ўқилади

«Уюштирилган спектакль». Қирғизистон Азимов қўлга олинишига муносабат билдирилди

Санкт-Петербург метросидаги терактга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган Акрам Азимов Ўш шаҳридаги хусусий клиникадан Қирғизистонда махсус хизмати ходимлари томонидан олиб кетилган. Бу ҳақда клиника бош шифокори мактубида келтириб ўтилган.

ФСБ эса Азимов Москвада қўлга олингани ҳақида маълум қилди.

РБК нашрида ёзилишича, Акрам Азимов 15 апрель куни Ўшдаги шифохонадан Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан олиб кетилган. Бу ҳақда «Хосият» клиникаси Зина Каримова ва даволовчи шифокор Санжарбек Тўхташев имзосида ёзилган мактубда баён этилган. Бу мактубдаги сўзлар Азимовнинг отаси Аҳрол Азимов томонидан тасдиқланган.

Хатда айтилишича, 13 апрель куни соат 12:20да Акрам Азимов клиникага келиб, нафас олиш йўлларидаги муаммодан шикоят қилган. 15 апрель куни уни жарроҳлик амалиётидан ўтказишган. Худди шу куни соат 15:35да уни Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитасининг 3 ходими олиб кетган. Бир неча соатдан кейин у қайтарилган, аммо кейин яна олиб кетишган.

«Қўмита ходимлари бизга гувоҳномадан бошқа ҳужжат кўрсатишмади», — дейилган мактубда. 

Икки кун ўтса ҳам Азимов қайтарилмаган, унинг тиббиёт тарихини ёпишга тўғри келган.

«Унинг даволаниш жараёни давом эттирилиши керак эди», — дея қайд этишган шифокорлар.

«Ҳа, уни ДХҚ ходимлари олиб кетишди ва қайтаришмади. Фамилияларни айтишмади, шифокорларга таҳдид ҳам қилинди — улар шундай дейишди: «Сени ҳам олиб кетишимизни истайсанми?» Кейин унинг онаси келди, биз унга воқеани айтдик», — деган РБК мухбирига «Хосият» клиникаси шифокори.

Федерал хавфсизлик хизмати Азимов 19 апрель куни Новая Москва ҳудудида қўлга олингани ҳақида эълон қилганди. RT телеканалида унинг қўлга олиниши жараёни тасвири берилди. 

«Уюштирилган спектакль»

Азимовнинг шифохонадан олиб қочилгани тўғрисида аввалроқ унинг қариндошлари ҳам маълумот беришганди.

«Уни шифохонадан 15 апрель куни олиб кетишган ва кейин спектакль уюштирилган, худдики уни Москва яқинида қўлга олишган», — деган РБК нашрига суд мажлисидан олдин гумонланувчининг отаси Аҳрол Азимов.

У РБК мухбирига ўғлининг Домодедово  аэропортидан S7 авиакомпанияси рейси орқали 27 март куни Ўшга учиб келгани ҳақидаги талонни ҳам кўрсатган. У кейин Россияга қайтмаган. ​
Акрам Азимовнинг шифохонага ётқизилганидан кейин йўқолиб қолгани ҳақида «Интерфакс» агентлигига унинг укаси Билол Азимов ва онаси Вазира Мирзахмедова ҳам айтиб ўтганди. Аниқланишича, Азимовда Москвага йўл олиш учун паспорти ҳам ва чипта учун пул ҳам бўлмаган.

«Барча саволлар — Россия Тергов қўмитасига ва ФСБга. Менга бу масалада мурожаат қилманг», — деган Қирғизистон Давлат Хавфсизлик қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов. Шундан сўнг РБК Тергов қўмитаси ва ФСБга сўров йўллаган.

ФСБ томошаси. Азимов Ўшда қўлга олинган, кейин Москвада бошқатдан қўлга олинган

РБК мухбири билан суҳбатда адвокат Анна Ставицкая Собиқ Иттифоқ ўрнида пайдо бўлган республикалар махсус хизматлари ўртасида қўлга олинганларни алмашиш бўйича «норасман» келишув мавжудлиги ҳақида айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, бу ўринда одамларни ўғирлаш амалиёти ҳам кузатилади.

«Мен ўз фаолиятим давомида бир неча марта шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келганман. Россияда қўлга олинган одамни Ўзбекистон ёки Тожикистонга экстрадиция қилинган, Европа суди эса буни тақиқлайди. Одамлар озодликка чиқади ва уни дарҳол ўғирлашади. Бу ўринда шунинг тескариси кузатилмоқда», — деган юрист.

Унинг сўзларига кўра, куч ишлатар тузилмалар ҳаракати ноқонуний, аммо уларнинг ҳаракатларини тушуниш мумкин: «Ҳуқуқ тартибот органларимиз билишган. Қўлга олиниши керак бўлган шахс хорижий давлатда бўлса, унда тегишли механизмни ишга тушириш талаб этилар эди. Бош прокуратура тегишли ҳужжатларни тақдим этиб, Қирғизистонга ушбу шахсни топшириш бўйича сўров йўллаши керак бўларди. Қирғизистон маълум муддат давомида сўровни кўриб чиқиб, муносабат билдирарди. Бу жараён ҳатто ярим йилга чўзилиши мумкин. Уни олиб келишнинг осон йўли турганида, қоғозларни бир-биринга йўллаб ўтиришингга нима ҳожат?» — дея киноя қилади Ставицкая.

Теракт иши

​Азимов Санкт-Петербург метросидаги теракт бўйича қўлга олинган ўнинчи шахс бўлди. Тергов маълумотига кўра, у «халқаро террорчи ташкилот аъзолари учун сохта ҳужжатлар тайёрлаш» билан шуғулланган. У шунингдек, теракт ташкиллаштирилиши учун «Туркия Республикаси ҳудудидаги халқаро террорчи ташкилотлардан» маблағ етказиб берган.

Судянинг айтишича, пулларни у ўз укаси Аброр Азимовга берган (ФСБ уни теракт ташкилотчиси сифатида қўлга олган). Иш материалларига кўра, айнан Аброр Азимов Акбаржон Жалиловни «террорчилик акти» учун тайёрлаган. Тергов қўмитаси тергови вақтида Акрам Азимов «у ва акаси портлаш билан якунланган ҳаракатларни содир этганини, аммо ўзларининг террорчилик ҳаракати содир этаётганини билмагани» ҳақида кўрсатма берган. Унинг адвокати Ольга Кисиева у терактга алоқадорлигини тан олмаган, аммо бунга сабабчи бўлганини билдирган.

Петербург метросидаги портлаш 3 апрель куни рўй берди. Тергов версиясига кўра, келиб чиқишига кўра қирғизистонлик ўзбек, 2011 йилда Россия фуқаролигини қабул қилган Акбаржон Жалилов метронинг «Сенная площадь» ва «Технологический институт» бекатлари оралиғида ҳаракатланаётган поезд вагонида ўзини портлатган. Теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 кишини ташкил қилди, 50 нафарга яқин киши жароҳатланди. Терактдан кейин метро ёпилди, ҳуқуқ тартибот органлари «Площадь Восстания» бекатида ўрнатилган бомбани топиб зарарсизлантирди. 

Мавзуга оид