Ўзбекистон | 17:28 / 04.05.2017
6608
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ЕИ билан ҳамкорликда Савдо ва инвестиция бўйича Кенгаш ташкил этилиши мумкин

Фото: Kun.uz

2017 йил 4 май куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги идорасида ОАВ вакиллари иштирокида пресс-конференция ташкил этилди. Тадбирда ЕИ Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайс ўзининг баёноти билан иштирок этди.

Айни дамда ЕИ Ўзбекистон билан Савдо ва инвестиция бўйича Кенгаш ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Мазкур кенгашда нафақат давлатнинг расмий вакилллари, балки ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истагида бўлган Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳамда европа фирмалари ва компаниялари ҳам бевосита иштирок этиш имконига эга бўлади. 

Шунингдек, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларни Европа бозорига тўсиқларсиз кириб боришини таъминлаш мақсадида экспорт соҳасини ҳам қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, 2016 йилда Европа Парламенти "тўқимачилик протоколи" деб аталувчи ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Мазкур ҳужжат ЕИга олиб кириладиган ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотлари учун божхона мажбуриятларини камайтиради. 

Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ЕИ мамлакатларида ўз маҳсулотларини эркин савдо қилишларига имкон беради.

Мавзуга оид