Спорт | 23:28 / 09.05.2017
8585
2 дақиқада ўқилади

«Атлетико» финал ҳуштаги чалинмагунча таслим бўлмайди

«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне «Реал»га қарши Европа чемпионлар лигасининг жавоб учрашуви олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Биз ўзимизга ва кучимизга ишонамиз. Эртанги учрашувга ўзимизни ўзгартириб тушмоқчи эмасмиз. Нималарга қодир эканимизни яхши биламиз. Футболчиларимга ишонаман. Улар эртага яхши футбол намойиш этиб бера олишади. Ўз уйимиздаги устунликдан фойдаланишимиз керак. Эртанги учрашувда ўйиннинг ўта ҳиссиётли эканин тушунмаган шогирдимни майдонда кўришни истамайман.

«Реал»да худди «Барселона» ва «Бавария» каби дунёнинг энг кучли таркиби бўлиши мумкин. Бу тўғри. Биз эса шу босқичга қадар етиб келганимиз билан фахрланамиз. Ўзимизнинг устун томонларимиз бор ва улардан фойдаланган ҳолда, қийин бўлган вазифани уддалашга ҳаракат қилиб кўрамиз. Аммо финал ҳуштаги чалингунига қадар таслим бўлмаймиз. Мен эртага мухлислар дунёнинг энг кучли клублари ўртасидаги ажойиб қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишини истайман. Албатта гапларнинг барчаси футбол бошлангач, қолиб кетиши ва барча нарса майдонда ҳал бўлади. Буни яхши биламиз.

Агар эртанги учрашувда футболчиларни керакли даражада руҳлантира олмасам, ўз ишимни ёмон бажарган бўламан. Мотивация эрталаб турганингда ва олдинда сени нималар кутаётганини ҳис қилганингдаёқ келиши керак», — дея аргентиналик мутахассиснинг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.

Мавзуга оид