Бир капитан таассуроти: тунги «манзаралар»
Кун ҳам ботди. Кимгадир яхшилик улашдим, кимнингдир муаммосини ҳал қилдим, яна кимларнингдир кўнглига билиб-билмай озор етказдим. Ортда қолган яна бир кунни сарҳисоб қилиб, иш ва турмуш ўйловларидан бир муддат беихтиёр чекиниб, фирдавсмонанд шаҳримизнинг сўлим ва файзли кўчаларини ёлғиз сайр этишни кўнглим истади.
Бухоро. Сенинг ҳар бир қарич еринг, баҳаво боғларинг, не-не буюк сиймоларнинг руҳи поки қовушган тупроғинг, жаҳон аҳли кўришга орзуманд бўлган кўҳна обида-ю қадамжоларинг, мен учун азиз.
Кўҳна ва боқий она шаҳарнинг обод кўчаларидан бормоқдаман. Одам гавжум. Кимдир ишидан қайтмоқда, кимдир фарзандини етаклаб сайрга олиб чиққан, равон кўчаларда машиналар серқатнов, аҳён-аҳёндан тўй-тантана ва хурсандчилик овозлари қулоққа чалинади. Буларнинг бари, Аллоҳ назари тушган ўлкамизда тинчлик ва осойишталик ҳукмронлигидан дарак.
Бугун халқимиз тўқ, турмушимиз фаровон, дастурхонларимиз тўкин, энг асосийси, кўнглимиз хотиржам. Шу хотиржамликка берилиб, аждодларимиз қадрлаган ва эъзозлаган ибо-ҳаё, рашк, ор-номус каби олий тушунчалар устидан тепкилаб ўтмаяпмизми? Ҳатто, айримларимиз бунақа туйғуларнинг борлигини ҳам тан олгимиз келмайди. Гўёки, мустақил мамлакатнинг эркин фуқароларимиз-у, кўнглимиз тусаган ишни ва хоҳишни бажараверамиз. Шу зайлда орамизда униб-ўсаётган тубанлик, беҳаёлик, «замонавийлик» тобора илдиз отиб бораверади. Уларнинг пайини қирқиш, таг-томири билан йўқ қилиш ўрнига, суғорамиз, фарзандларимиз учун «ўрнак» бўламиз.
Шундай жаннатмакон юртимизда фарзандларимизнинг келажаги, уларнинг камоли йўлида барча шарт-шароитлар яратилган-у, нега бизнинг ўзимиз уларнинг тақдирига бефарқмиз, нега ўспирин йигитларимиз ва эндигина бўйи етиб қолган қизларимизнинг тарбиясига, улар бугун нима иш билан машғул эканлигига панжа ортидан қараймиз...
Вақт алламаҳал бўлибди ҳамки, мен файзли кўчаларни кезишда давом этмоқдаман. Йўл четидан хаёл суриб кетар чоғим оқ рангли «Нексия» автомашинаси ёнимга келиб тўхтади. Машина ойнаси хиёл тушурилди-ю, ичкаридан менга қарата, «Эй братан, Гулливер кафеси қаерда», деган савол берилди. Улар сўраган кафе шу кўчада жойлашганлиги учун «Яна 50 метр юрасизлар», деб жавоб бердим.
Автомашина салонида тахминан 7 нафар ўспирин, улар орасида 4 нафар ёшгина қиз бор эди. Автомашинанинг хиёл тушурилган ойнасидан бурқсиб чиқаётган тамаки тутунидан, «бу машина эмас тандирхонага ўхшайди, ундаги ўспиринлар шу тандирга солинган ўтин кабидир», деган хулосага келасан киши. Ёшлар ўта «маданиятли» эканларки, улардан на «салом»ни, на «раҳмат»ни эшитдим. Тахминан 50 метр чиқадиган масофага автомашина ўқдай учиб борди гўё.
«Гулливер» кафеси олдида тумонат одам. Ўспирин йигитчалар ҳали эндигина ҳаётга қадам бошлаш арафасида, лекин улар ҳудди дунёни қўлга олгандек бир қўлда сигарета, иккинч қўли «жонони»нинг елкасида. Ҳали бўйи етилиб улгурмаган қизлар ҳам очиқ-сочиқ кийинган, бўянишдаку бир-икки «модел»ларни ортда қолдиради. Атрофда ўзининг шу кечалик жуфтини қидириб келган йигитчалар эса, юзини чаплаб, лабини бўяб, ўзини бозорга солаётган «қиз»ларга гап отиш билан овора.
Шу манзаранинг гувоҳи бўлаётиб, телефон орқали онаси билан гаплашаётган бир қизнинг сўзлари қулоғимга чалинди: «Онажон, ётоқхонадаман, курсдошларимдан бирининг туғилган кунини нишонлаяпмиз, ҳавотир олманг, ҳа, ўқишларим яхши, эртага уйга боролмасам керак, Наргиз дугонамнинг уйида қоламан, у билан имтиҳонларга тайёрланамиз, майли уйдагиларга салом айтинг», деб телефон тугмасини босди-ю, ёнида сочларини қизлардек ўстириб, тинмай сигарета тутатиб, сақич чайнаб турган йигитчага қараб, «мамашкани алдадим жоним, ишондилар, бўлди, энди эрталабгача сиз билан қоламан асалим», дея уни қучоқлаб кафега кириб кетди.
Онаизор ўзи емай, ўзи ичмай, қизим ўқисин, ўз ўрнини топсин деб, не-не орзу умидлар билан кечалари вояга етган қизидан ҳавотир олиб, унинг бахтини, камолини кўриш илинжида дуолар қилиб, тунлари ухламай чиқса-ю, қиз шўрлик ёшлик даврини тунги клубларда, кўнгилхушликларда ўтказиш билан овора. Бу ҳолат ҳар бир ота-она учун ачинарли, албатта! Қарангки, дунёга келтириб, оқ ювиб-тараб, завол кўрмай ўсиб улғайсин, деб қўллаб турган фарзанд, эндигина танишган бегона бир йигитнинг кўз ўнгида ота-онасини алдаб турса, йигитчанинг ҳам оғзи қулоғида, «бир кўришда сизни севиб қолдим, сизга уйланаман жоним», деб, нечанчи қизга севги изҳор қилаётганини ўзи ҳам билмайди...
...Бир оз муддат шу «гўша»да «замонавийлик» руҳи ва кайфияти балан ўйин кулги қилиб турган ёшларни кузатдим. Кафедан чиқиб бир-бири билан келишолмай, нималар устида баҳслашиб турган ўспирин йигит ва қизга кўзим тушди. Уларнинг бир-бирини аямай айтаётган ҳақоратли сўзлари қулоғимга чалинди. Диққат билан қулоқ солдим.
Йигит қизга қарата «мен сен учун шунча харажат қилиб, кафега олиб келдим, бирга ўтириб мен билан еб ичдинг, ҳаммасини пулини ўзим тўладим, нима учун мен билан эмас, бошқа йигит билан кетяпсан», деб турганида, унга жавобан қиз «мен ўзимга ёққан йигит билан кетаман, сен билан ўтирганим учун менга раҳмат дейишинг керак», деди-ю, уни нарироқда кутиб турган «Ласетти» автомашинасига ўтириб кетиб қолди. Йигит эса, чўнтагидан яна бир сигаретани олиб, уни ёқиш учун гугурт тополмай, кафе томон бир нигоҳ ташладида, асабийлашган ҳолда йўлга тушди...
Бу «манзаралар»нинг гувоҳи бўлаётиб, ногаҳон тинчим бузилди, кўнглим беҳузур бўлди. Уйим томон ошиқдим. Эшикдан кираётиб, менинг келганимни пайқаган қизимнинг, «дадажоним келдилар», деган овозини эшитдим. Мен томон югуриб келиб қучоғимга ўзини отган қизимни қучоқлаш, эркалаш ўрнига, ундан беихтиёр «онанг уйдами қизим», деб сўрабман. Эндигина 7 ёшни қаршилаган қизим эса, «йўқ, онам ҳали ишдан келмадилар», деб ҳазиллашиб мени алдашга уринганидан сўнг рангимда ранг қолмади, «дадажон қўрқиб кетдингизми, онам билан овқатланмай сизни кутиб турибмиз», дейиши биланоқ, юз-қўлимни ҳам ювишни унутиб, дастурхонга ошиқибман.
Бахтиёр Раҳматов
капитан, Бухоро вилояти ИИБ
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
13:45 / 09.10.2024
Бухорода болалар ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчисига ҳукм ўқилди
22:36 / 26.09.2024
Чирчиқ дарёсининг 6 км қисмида дам олиш ҳудуди барпо этилади
07:50 / 21.09.2024