Энг бой қозоғистонликлар номи маълум қилинди
Forbes.kz нашри Қозоғистоннинг 2017 йил учун энг бадавлат 50 нафар тадбиркори рўйхатини эълон қилди.
Қозоғистоннинг энг бой 5 нафар фуқароси рўйхатига Владимир Ким, Булат Утемуратов, эр-хотин Кулибаевлар ва Алижон Ибрагимов кирди.
Рейтингнинг биринчи ўрнида йирик қозоқ тадбиркори, рангли ва қимматбаҳо металлар қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи «KAZ Minerals» гуруҳи президенти ҳамда йирик акциядори, "Холдинг Казахмыс" президенти Владимир Ким жойлашди. Унинг давлати 2,5 млрд. АҚШ долларига баҳоланган.
Қозоғистоннинг энг бадавлат тадбиркори Жанубий Қозоғистон вилоятининг Мақтаорол тумани Мирзакент посёлкасида 1960 йилнинг 29 октябрь куни туғилган. Ким 1982 йилда Олмаота архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. 1998 йилда АҚШда бизнес ва маъмурий бошқарувчилик бўйича фалсафа доктори илмий унвонини олган.
Рўйхатнинг иккинчи поғонасини Қозоғистон теннис федерацияси президенти, ITF (Халқаро теннис федерацияси) директорлар кенгаши аъзоси, тадбиркор, дипломат Булат Утемуратов эгаллади. Унинг давлати - 2,4 млрд. АҚШ доллари.
Учинчи ва тўртинчи ўринларда эса эр-хотин Кулибаевлар жойлашди. 50 ёшли Тимур Кулибаевнинг давлати 2,2 млрд. АҚШ долларига баҳоланган. Тимур Кулибаев – қозоғистонлик тадбиркор, давлатдаги нефтгаз ва энергетик соҳадаги қатор корхоналарни ўзига бирлаштирган Kazenergy ассоциацияси раиси. 49 ёшли Динара Кулибаева эса – Қозоғистоннинг энг бой аёли, Қозоғистон Халқ банки акциядори. У Нурсултон Назарбоев номидаги Миллий таълим жамғармасига раҳбарлик қилади. Динара Кулибаеванинг давлати – 2,2 млрд. АҚШ доллари.
Қозоғистоннинг энг бой тадбиркорлари бешлигига 62 ёшли Алижон Ибрагимов якун ясаб берган. У 2 млрд. АҚШ долларига эга. Алижон Ибрагимов – «Eurasian National Resources Corporation» (ENRC) компанияси эгаларидан бири, шунингдек, Евроосиё банки АЖ президенти ҳисобланади.
Мавзуга оид
09:24
Қозоғистонда ўзини ўзи мудофаа қилиш ва кўнгиллилар тузилмалари пайдо бўлади
15:30 / 31.10.2024
Қозоғистон парламенти Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари тўғрисидаги ҳужжатни маъқуллади
21:48 / 30.10.2024
Қозоғистонда давлат хизматчиларига мукофот пулларини ажратиш тақиқланди
20:38 / 30.10.2024