Жамият | 21:11 / 11.05.2017
30649
2 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарималарни интернет орқали бепул билиб олиш имкони пайдо бўлди

Ўзбекистондаги ҳайдовчилар Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги, хусусан, Тошкент шаҳри йўлларига ўрнатилган камералар ва радарлар қайдларига тушган ёки тушмаганини мустақил аниқлаш имкониятига эга бўлишди. Эндиликда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фойдаланувчилари белгиланган жарималар хусусида маълумот олишлари мумкин. Бу ҳақда Тошкент ИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида «Электрон ҳукумат» маркази директор биринчи ўринбосари Мурод Расулов ОАВ вакилларига маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча, бу синов тариқасида ишга туширилган. 

Ушбу my2.gov.uz портал орқали исталган ҳайдовчи камералар унинг машинасини қоидабузганликда аниқлагани ёки йўқлигини мустақил равишда аниқлаб олиши мумкин бўлади. Бу эса, уйга жарима хусусида мактуб келишидан аввалроқ жаримага тортилгани ёки йўқлигини билиб олиш мумкинлигини англатади. 

Бунинг учун ҳайдовчи даставвал, «Электрон ҳукумат» автомобил давлат рақами, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси серияси ва рақами, шунингдек, суғурта полиси рақамини киритиш лозим бўлади. 

Ушбу хизмат Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги кўмагида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янгиланган намунасида тақдим этилади.
 
Уни UZINFOCOM маркази ва «Электрон ҳукумат»ни ривожлантириш маркази ҳамкорликда тақдим этади.

Мавзуга оид