Иқтисодиёт | 22:27 / 12.05.2017
7598
2 дақиқада ўқилади

WhatsApp фойдаланувчилар ҳақида маълумотларни тўплагани учун жаримага тортилди

Фото: PA WIRE/PA IMAGES

Италия антимонопол бошқармаси WhatsApp мессенжерига эгалик қилувчи компанияга 3 млн евро жарима солди. Бу ҳақда ANSA ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

WhatsApp фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни мессенжерга эгалик қилувчи Facebook компаниясига беришга рози бўлишга мажбурлайдиган шартларни суқиштирган. Маълумотларга кўра, WhatsApp агар фойдаланувчилар маълумотлар йиғилишига розилик бермасалар, унда мессенжердан фойдалана олмасликларини айтган.

Маълум қилинишича, бундай қоидабузарлик учун максимал жарима 5 млн еврони ташкил қилади. WhatsApp вакиллари ушбу ҳолатга изоҳ беришни исташмаган.

2016 йил августида WhatsApp дастурчилари фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни Facebook билан бўлишишларини маълум қилишган. Уларнинг таъкидлашича, бу рекламани таргетлашни яхшилашга имкон беради. Компанияда фойдаланувчилар агар исташмаса, ўз ҳақларидаги маълумотларни ижтимоий тармоққа бермасликлари мумкинлиги айтилган.  

2016 йил октябрда Европа Иттифоқи назорат идоралари WhatsApp’дан фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни Facebook’га узатишни тўхтатишни талаб қилишган, чунки улар фойдаланувчилар бундай операцияларга розилик берганларига шубҳа қилишган. 

Мессенжерни яратган WhatsApp компанияси 2009 йилда ташкил этилган. 2014 йилда мессенжер Facebook томондан 19,3 млрд долларга сотиб олинган.  

Мавзуга оид