Жамият | 13:58 / 14.05.2017
18059
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда тартиб-қоидани менсимаган директор жазога тортилди

Фото: Fotolia

Ҳалима Ҳамидова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кўп пул топиш мақсадида жамиятдаги мавжуд тартиб-қоидаларни менсимаслик тегишли жавобгарлик келтириб чиқаришини билса ҳам бунга амал қилмади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

У 2014 йилда “Platinum Perfeect” МЧЖ директорлигига тайинланганида барча ишлар рисоладагидек кетаётган эди. Лекин Ҳалиманинг нафси қонун-қоидалардан, жамият манфаатларидан устун чиқди.

У масъулияти чекланган жамиятга тегишли савдо дўконида сотилаётган, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган товар-моддий бойликларни миллий ва чет эл валютасига сотиб, нақд пул маблағларини назорат-касса машинасидан ўтказмасдан, қолаверса, банк муассасасига ҳам топширмасдан келган. Хусусан, Ҳ.Ҳамидованинг фуқаро М.Бўриевага хорижий давлатдан келтирилган 5 дона чойшабни 380 минг сўм ва 400 АҚШ долларига сотганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишларда, жамиятда 151 млн. 600 минг сўмлик 39 турдаги 785 дона хорижий давлатда ишлаб чиқарилган товар-моддий бойликлар аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг савдосидан келиб тушган 35 млн. 848 минг сўм пул маблағи НКМ хотирасига кирим, банк муассасасига инкассация қилинмаганлиги ҳам маълум бўлди.

Суд ҳукми билан Ҳалима Ҳамидова тегишли жазога тортилди.

Мавзуга оид