Жаҳон | 08:39 / 15.05.2017
3270
2 дақиқада ўқилади

Ереван шаҳар кенгаши учун сайловларда ҳукмрон партия ғалаба қозонди

Арманистоннинг ҳукмрон Республикачилар партияси 14 май куни Ереван шаҳар кенгаши учун ўтказилган сайловларда ғалаба қозонди. Овоз бюллетенларини ҳисоблаш натижаларига кўра, партия номзодлари барча 474 сайлов участкасида 71,25 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган. Арманистон Марказий сайлов комиссияси сайтида шу ҳақда эълон қилинган. 

Сайловларда мамлакатдаги 3та сиёсий партия иштирок этган: ҳукмрон Республикачилар партияси, "Елк" блоки ва "Еркир цирани" ("Ўрик мамлакати") партияси. 

"Дастлабки маълумотларга кўра, АРП 71,25 фоиз (240036 овоз), "Елк" блоки —21 фоиз (70731), "Еркир цирани" партияси — 7,75 фоиз (26109) овоз тўплаган", — дейилади хабарда. 

"Ереван шаҳрида маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш тўғрисида"ги қонунга кўра, Вакиллар кенгаши 65 кишидан иборат бўлади. У 4 йиллик муддатга сайланади. Бу сафарги сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 842 минг 147 кишидан 345 минг 226 сайловчи қатнашган. Шунга кўра, сайловчилар иштироки 40,99 фоизни ташкил этди. 

Кенгашга ўтказилган сайлов натижасида бирор партия 50 фоиздан кўп овоз тўпласа, ушбу партия рўйхатини бошқарган номзод Ереван ҳокими ҳисобланади. 

Мавзуга оид