Ўзбекистон | 20:56 / 24.05.2017
5947
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов БАА вазири билан музокара ўтказди

Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

24 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентга ташриф буюрган Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати берган хабарга кўра, вазирлар диққати марказида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томон алоқаларини янада ривожлантиришнинг истиқболлари бўлди.

Учрашувда халқаро ва минтақа кун тартиби масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари 2017 йил 21 майда Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ҳамда 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунларини юқори баҳоладилар. Ушбу тадбирларда экстремизм ва терроризмга қарши туришни кучайтириш, бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган эди.

Таъкидланганидек, Тошкент форумида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф қилинган маърифат ва таълим халқлар фаровонлигининг асосий факторларидан бири эканлиги ва инсонларда эзгу ишлар, яхшиликларга интилишни мустаҳкамлаши тўғрисидаги тезис Саудия Арабистони пойтахтидаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 50дан ортиқ давлатлар, қатор етакчи халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари иштирок этган учрашувда ҳам ўз тасдиғини топди.

Суҳбат чоғида томонларнинг турли даражадаги бўлажак Ўзбекистон-Амирликлар учрашувлари жадвалига доир таклифлари ҳам кўриб чиқилди.

Музокаралар якунларига кўра вазирлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

Суҳбатда БАА элчиси Моҳаммед Ҳареб Алмеҳаирби иштирок этди.

Мавзуга оид