Ўзбекистон | 19:30 / 31.05.2017
102422
1 дақиқада ўқилади

Козим Тўлаганов янги лавозимга тайинланди

Козим Тўлаганов Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари - Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 30 майда бу ҳақдаги қарорни имзолади, дея хабар берилди Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат порталида.

Козим Носирович Тўлаганов (1949 йилда туғилган) 1997-2001 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими, кейинроқ бош вазир ўринбосари ва Тошкент вилояти ҳокими (2005 йилгача) сифатида ишлаган. 

Президент май ойи бошида «Ўзбекистон Республикасининг Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаганди. Мазкур ҳужжат архитектура ва шаҳарсозлик соҳасини ривожлантириш, шаҳар ва аҳоли пунктлари бош режаларининг ишланмалари ва уларни амалга оширишни яхшилаш, давлат органлари ва хўжалик бошқармалари масъулиятини ошириш мақсадларида қабул қилинган.

Мавзуга оид