Жамият | 15:38 / 01.06.2017
21744
3 дақиқада ўқилади

Бўка туманида содир этилган босқинчилик фош этилди

Тошкент вилоятида олиб борилаётган жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика ишлари бўйича олиб борилаётган амалий чора тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Бўка тумани ИИБ томонидан туман ҳудудида босқинчилик жиноятини содир этган уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБда бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилинди. 

Туман навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, 2017 йил 23 февралдан 24 февраль кунига ўтар кечаси соат 03-00 да тўрт нафар номаълум шахслар Бўка тумани Даштобод маҳалласидаги уйларнинг бирига дарвоза орқали эркин йўл билан ғайриқонуний равишда кириб, уйнинг ётоқхонасида ухлаб ётган 1992 йилда туғилган У. Н.га нисбатан ҳужум қилган. Улар жабрдийдани пичоқ билан қўрқитиб, бош-юз соҳасига қўллари билан уриб-дўппослаб тан-жароҳати етказган. Шундан сўнг, қўл-оёқларини ва оғзини ўзлари билан олиб келган скотч ёрдамида боғлаб, уйда бўлган жами 5 млн 300 минг сўм нақд пулларини, қимматбаҳо заргарлик буюмлари ва бир дона баҳоси 700 минг сўмлик «Samsung Galaxy mini 3» русумли уяли алоқа воситасини босқинчилик йўли билан эгаллаб олиб, жиноят жойидан яширинишган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу босқинчилик жиноятини жабрланувчи У. Н.нинг маҳалладоши 1974 йилда туғилган У. Э. уюштирганлиги аниқланди. У ўзининг танишлари 1980 йилда туғилган А. А., 1973 йилда туғилган А. М., 1978 йилда туғилган У. Г. ва 1982 йилда туғилган Ф. А.лар билан бир гуруҳ бўлиб, олдиндан жиноий тил бириктирган. У. Э. хонадон эгасининг ўзига тўқ яшашлигини, уйида 5-6 миллион сўм миқдордаги пул маблағини сақлашини, ундан ташқари бир неча юз минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ҳам йиғиб қўйганлигини маълум қилиб, шерикларини жиноят содир этишга қизиқтирган. Уларга хонадонни кўрсатиб, хонадонга қандай кириш мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотлар  берган.  

Тергов-тезкор ҳаракатлари давомида гуруҳ аъзоларидан Ф. А. 2017 йилнинг 24 март кунидан 25 март кунига ўтар кечаси Оҳангарон туманида содир этилган босқинчилик жиноятида ҳам иштирок этганлиги маълум бўлди.

 

Мавзуга оид