Ангрен шаҳрида автомобилларни ўғирлаб юрган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди
Тошкент вилояти ИИБ томонидан жорий йил апрель ойидан шу кунга қадар ўндан ортиқ автомашиналардан турли эҳтиёт қисмларини ўғирлаб келган гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБда бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилинди.
Хусусан, 2017 йил 2 май кунидан 3 майга ўтар кечаси 00-30 ларда ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, Ангрен шаҳар 18/19-даҳада қаровсиз қолдирилган “Нексия” русумли автомашинадан ўғирлик жиноятини содир этаётган 2 нафар номаълум шахслар воқеа жойида далилий ашёлар билан қўлга олинди. Олиб борилган тадбирлар натижасида ушбу жиноятни А.А. ва Л.Т. содир этганлиги аниқланди.
Улар билан ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида танишлари А.О., Қ.Э. ва вояга етмаган Х.А. ҳамда Ж.Б.лар билан биргаликда Ангрен шаҳри ҳудудида шу турдаги 11та жиноят содир этилгани маълум бўлди.
Жумладан, 2017 йил 3 апрель куни соат тахминан 23:00 ларда Оҳангарон туманида яшовчи 1992 йилда туғилган Л.Т., 1998 йилда туғилган А.А., 1994 йилда тугилган Қ.Э. ва 1998 йилда туғилган А.О.лар олдиндан жиноий тил бириктириб, Ангрен шаҳар Дукент қўрғони 14-даҳа 21-уйнинг олдида қаровсиз ҳолда қолдирилган, 1985 йилда туғилган фуқаро Б.Н.га тегишли «Нексия» русумли автомашинаси эшиги, копоти ва юкхонасини ғайриқонуний равишда очиб, баҳоси 450 минг сўмлик аккумулятори, умумий баҳоси 2 млн 4 юз минг сўмлик бир дона захира балони ва тўрт дона автомашинага ўрнатилган ҳолда турган балонларни ечиб олиб жиноят жойидан яширинган.
Ҳозирги вақтда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.