Жамият | 19:15 / 09.06.2017
51456
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳридаги ёнғин сабаби аниқланди

Фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ва уларнинг бепарволиги оқибатида ёнғинлар содир бўлиб, мудҳиш офат туфайли нафақат лоқайд кишиларнинг ўзлари, балки уларга қўшни бўлган инсонлар ҳам жиддий зарар кўраётганлиги ачинарли ҳолдир. 

Кун.uz’га Андижон вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 2017 йилнинг 9 июнь куни Андижон шаҳар Миллий тикланиш кўчаси 27-уйда жойлашган “Меҳригиё медикал” МЧЖ томонидан ижара асосида фойдаланиб келинаётган бинодаги ишлаб турган кондиционер ускунасини назоратсиз қолдирилиши оқибатида ёнғин содир бўлиб, 3 қаватли бинонинг 60 квадрат метр том қисми ва хона жиҳозлари ёниб кетган. Ёнғин қўшни бино 26-уйда жойлашган савдо дўконига ўтиб, савдо дўкониннг 30 квадрат метр том қисми ҳам кулга айланди. 

Андижон шаҳрида йирик ёнғин юз берди

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг саъй-ҳаракати натижасида бинонинг 1- ва 2-қаватларидаги ўқув маркази ва савдо дўконларининг хона жиҳозлари сақланиб қолинди ҳамда ёнғиннинг қўшни биноларга тарқалишининг олди олинди. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Моддий зарар аниқланмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ёзни иссиқ, жазирама кунларида кондиционер, вентилятор каби совутиш ускуналарини қаровсиз қолдириши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида ёнғинлар содир бўлмоқда. Моддий бойлик кулга айланса топиш мумкин, лекин унинг оқибатида инсон - энг бебаҳо бойлиги бўлган соғлигидан айрилиши, куйиши, тан жароҳати олиши ва  бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолиши мумкин.

Мавзуга оид