Спорт | 23:05 / 13.06.2017
73663
6 дақиқада ўқилади

Хайрулла Ҳамидов: «Алдагани мухлис яхши»

Мақолани ёзаётган пайтим роса ўйладим: қандай ёзиш керак? Танқидга буркаб ташлаш керакми ё бепарволарча, кўниккан одамнинг ниқобини тақиб олаймикан? Менимча, икки ҳолат ҳам энди фойда бермайди. Бабаянни олиб ташлашса ҳам, ўрнига кимдирни қўйишса ҳам, мутлақо фарқсиз эканини сезяпман. Чунки ҳаммаси аллақачон бой бериб бўлинган, аслида биз ўзимизни ўзимиз алдаб келаётган эдик. Биз Сергели туманига бормоқчи бўлган машина йўлни Юнусободга буриб юборганини кўрсак-да, кутиб турдик, балким Сирғалидан чиқиб қолар, деб. Йўқ, йўл барибир алдамас экан. Қаёққа қараб кетаётган бўлсак, ўша ер бизни кутиб олди. Биз Эронни жаҳон чемпионатига кузатиб қўйгани бориб келдик Теҳронга. Бошқа нимага ҳам ярардик?.. 

Ўзбекистон терма жамоаси мухлисларини мен ёш болага ўхшатаман. Ўйинчоғи олиб қўйилганида роса йиғлайдиган, сўнг битта музқаймоқ билан алдаб қўйса, хурсанд бўлиб, бояги ҳолатидан асар ҳам қолмайдиган ёш болаларга ўхшаймиз. Тинмасдан алдаб келаётган катталарнинг ҳийласига бепарво, софлигича қоладиган ёш болалармиз. Ишонаверинг. Ҳаммамиз. 

Яқинда «Ювентус»нинг ашаддий бир мухлиси Турин суперклубининг мағлубиятидан сўнг суюкли жамоасидан воз кечганлиги ҳақида ариза ёзди. Бу ижтимоий тармоқларда анча тарқади. Мактубнинг мазмуни қуйидагича: «Юве», мен сенга 1997 йилдан бери мухлислик қиламан. Энг оғир дамларингда ҳам мухлислик қилдим. Сендан воз кечмадим. Лекин сен менинг ишончларимни энг муҳим паллаларда суиистеъмол қилавердинг. ЕЧЛ финалларида, миллионлаб ишқибозларингни ҳурматини қилмадинг, сен бизни алдадинг. Кубокнинг олдига келганимизда енгилавердинг. Дастлаб мактабда устимдан кулишди, кейин институтда, сўнг ишхонада. Улар ўзларининг «Барса»сию «Реал»и, «Бавария»сию «МЮ»сининг «шалпангқулоқ» кубокни кўтарганини гапиравериб, мени қон қилиб келишди. Сен эса, лоақал бир марта бўлса ҳам ўз мухлисларинг обрўсини ҳимоя қилмадинг, уялтириб келавердинг. Шу бугун мен сендан воз кечаман, эй совринсиз жамоа!» 

Мухлис зоти клубидан воз кечиши мумкин, бироқ терма жамоадан воз кеча олмайди-да, мана шу томондан биз «Юве»нинг каттариб қолган мухлиси олдида ёш болалигимизча қолсак керак. Ҳа, Ватанни танлаб ё алиштириб бўлмайди. «Ювентус»ку, ҳаракат қилди, қилган ва бундан кейин ҳам ҳаракат қилади, сўнгги сонияларда нимадир халақит бераётгани бошқа масала, аммо бизнинг суюклиларимиз ҳаракат ҳам қилишмади, ҳамма гап шунда. Юрт либосида майдонга тушажак йигитлар улардан ҳеч қачон воз кеча олмайдиган мухлисларининг устидан кулишда давом этишди. Воз кечолмаслигимизни билиб туриб кулишди. Ёш боламасмизми, айтинг-чи? 

Смартфонимда шахмат ўйини бор. Нуқул учинчи босқичдан ўтаман-да, тўртинчисини бой бераман. Шахмат дастурини тузганларга кучим етмайди. Бу кураш деярли бир йилдан бери давом этади. Ўзим ютқазсам-да, кичкина ўғлимга учинчи босқични енгганимни кўрсатиб, «ўта кучли ўйнашим»ни исботлай оламан. У ёш бола эмасми, ишонади. Терма жамоамиз ҳам худди шундай. Ўғлимга ишлатган услубимни бу жамоа бизга — кап-катта одамларга қўллаб келмоқда. 25 йилдан бери-я, ўртоқлар! Ўғлим-ку, сал каттариб, мен уни чалғитганимни билиб қолар, аммо терма жамоамиз ўз мухлисларини ҳеч ҳам каттармайдиган, ёш болалигича қолиб кетадиган ажабтовур одамчалар деб тасаввур қилади, шекилли, ўз ёлғонида бардавом бўлиб келмоқда. Ростан ҳам биз каттармадик. 

Мен ўйлашимча, биз мухлислар қачон улғайсаккина, ёш болалик мақомидан чиқсаккина, терма жамоамиз бизни алдашни тўхтатса керак. Акс ҳолда, нарихимиз ўша-ўша – битта музқаймоқ! 

Терма жамоамизнинг бу йилги мусобақа натижалари деярли маълум. Манзил Сирғали эмас, Юнусобод эканлиги анчайин кўриниб қолди. Энди нима қилиш керак, деган саволга жуда кўп жавоблар берилаётган бир пайтда, энг ҳақлисини топа олишимиз даркор. Энди аниқ бўлдики, чет элдан тажрибали, етук мутахассис 3–4 йилга олиб келинмас экан, терма жамоамизни ўзимизникилар мана шу доирада олиб юраверишар экан. Журналистлар эса, Қосимов, Абрамов ва Бабаян ўртасида энг кучлиси қайси эканлиги борасида тортишиб юраверишади, тамом. Тушуниб етайлик энди, уларнинг ҳаммаси бир хил. Бир хил!

Ё бошқа вариант керак бўлса, тарихга мурожаат қилайлик. Жалолиддин Мангуберди Чингизхон Хоразм заминига яқинлашиб қолганида, отаси Муҳаммад Хоразмшоҳдан валиаҳдликни қабул қилади ва олов ичида қолган ватанига етиб келади. Ёш султон жума куни бозорда ҳаммани йиғади ва тарихнинг энг кучли нутқларидан бирини ўқийди: «Эй она халқим. Чингиз Самарқанд аҳли дарвозани очиб берса, ҳеч кимни ўлдирмаслигини айтди ва дарвоза калити топширилгач, аҳдида турмади, ярим аҳолини қириб ташлади. Бухорога нисбатан ҳам шундай иш қилди. Демак, бизнинг олдимизда иккита ўлим турибди: Биринчиси — унга таслим бўлмай, қарши курашиш ва мардларча вафот топиш. Иккинчиси — дарвозани очиб бериш ва хорларча ўлим топиш. Хўш, қайси ўлимни танлаймиз?!» 

Агар чет элдан мураббий келмаса, олиб келишнинг иложи бўлмаса, иш шу йўсинда давом этаверадиган бўлса, чиройлироқ ўйнаб ютқазадиган мураббийни қайтарайлик яна. Барибир ҳаммасининг натижаси бир хил-ку, тўғрими?!

 

Мавзуга оид