Ўзбекистон | 12:35 / 14.06.2017
16084
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимиятларида транспорт департаментлари тугатилиши мумкин

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимиятларининг барча турдаги йўловчи транспортига лицензия бериш ва ҳаракатланишини мувофиқлаштириш бўйича департаментларини тугатиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда муҳокамага қўйилган Президентнинг автомобиль транспорти соҳасидаги давлат бошқаруви тизими ва тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасида айтилади.

Ҳужжатда айтилишича, ҳаддан ташқари бир-бирини такрорловчи жараёнларнинг кўплиги, автомобиль транспорти соҳасида ишловчи тадбиркорлар дуч келаётган чекловлар ва тўсиқлар бозор ривожига халақит бермоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда кўрсатилган иккита департамент ўртасида умумийлаштирилган йўловчиларни автомобилда ташишни лицензиялаш тизимида муаммолар борлиги ҳам таъкидланди.

«Тошкент шаҳридаги бошқарув тизимида маълум камчиликларга йўл қўйилган. Ташувлар фаолиятини бошқариш ва тартибга солишга мўлжалланган шаҳарнинг барча турдаги йўловчи транспортига лицензия бериш ва ҳаракатланиши мувофиқлаштириш бўйича Департамент аслида Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосарига ҳисобот беради. У бир вақтнинг ўзида департамент томонидан бошқарилувчи ташувчилардан бирининг раҳбари ҳам саналади (“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ)», - дея таъкидланади қарор лойиҳасида.

Муаммоларни бартараф этиш учун Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳокимиятлари департаментларини Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорт агентлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бошқармалари билан бирлаштириш мўлжалланган.

Мамлакат шаҳарларидаги йўловчи транспорти бўйича махсус ваколатли бошқарув органлари агентликка ҳисобот беради.

Тошкент шаҳри ва вилояти департаментлари томонидан берилган амалдаги лицензиялар ва лицензия карточкаларини бепул қайта расмийлаштириш режалаштирилган.

Мавзуга оид