Жаҳон | 19:34 / 19.06.2017
13680
3 дақиқада ўқилади

Қатар минтақа давлатлари билан тўғридан-тўғри музокаралар учун шартини айтди

Қатар ўзи билан алоқаларни узган давлатлар билан тўғридан-тўғри музокараларга тайёр. Бу блокада ечилганидан сўнг рўй беради, деб маълум қилди мамлакат ТИВ раҳбари Муҳаммад бин Абдураҳмон Ал Таний.

"Биз тўғридан-тўғри музокараларни бошлаш ҳақидаги Кувайт ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз", - деди у Доҳадаги матбуот анжуманида.

Шу билан бирга, вазирнинг таъкидлашича, бундай мулоқот Қатарга нисбатан киритилган эмбарго ечилгач, рўй бериши мумкин. “Музокаралар босим ва блокада билан кечиши керак эмас. Биз блокадани тугатиб, музокараларни бошлашимиз керак”, - дея ҳисоблайди Қатар ТИВ раҳбари.

"Блокададан эмас, қонуний услублардан фойдаланиш керак. Ҳаво ва сув ҳудудини тўсиб қўйиш, бизнинг кемаларга Қатарга сузиб келишларига халақит бермаслик керак", - дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, Қатар ТИВ раҳбарининг маълум қилишича, “Ал-Жазира телеканалининг сиёсати Қатарнинг ички иши ва бу муҳокама қилинмайди.

"Улар (Қатарнинг рақиблари – таҳ.) Қатар ички ишларга аралашаётгани ҳақида иддао қилишмоқда. Улар Қатар – кўрфаз давлатларининг коллектив хавфсизлиги учун беқарорлаштирувчи омил, деб айтишмоқда. Ҳеч ким бизнинг ишларга бош суқиши мумкин эмас. "Ал-Жазира" – бу Қатарнинг иши. Қатарнинг минтақавий масалалардаги ташқи сиёсати – бу Қатарнинг иши. Уларга тегишли бўлган барча нарса муҳокама қилиниши мумкин. Қайси масала тегишли бўлмаса – муҳокама этилмайди", - дея қайд этиб ўтди вазир.

Эслатиб ўтамиз, “Ал-Жазира” намойиши БАА ҳудудида тўсиб қўйилди, унинг Ар-Риёд ва Оммандаги офислари ёпилди. 

Ал Таний Қатар рақиблари мамлакатни террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа давлатлар ички ишига аралашишда айблаб, бу борада ҳеч қандай далил келтиришмаганини айтиб ўтди.

"Улар далил тақдим эта олишмаяпти. Икки ҳафтадан бери шу айбловлар, бироқ ҳеч қандай исбот ёки далил келтирилмади. Биз ОАВдаги айбловлардан кўра кўпроқ нарсани эшитишни истагандик", - дея айтиб ўтди Қатар ТИВ раҳбари Доҳадаги матбуот анжуманида.

Мавзуга оид