Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга қаратилган президент қарори қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Ушбу ҳужжат ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Унга кўра, шу йилнинг 1 июлидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотларини тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.
«Таъкидлаш жоизки, ушбу чоралар мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш билан биргаликда деҳқон ва фермер хўжаликларини ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, такрорий экинлар экиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантиради. Бу эса ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг нархи ва сифати бўйича ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш имконини беради. Энг муҳими, деҳқон ва фермер хўжаликлари етиштирган маҳсулотларининг ҳақиқий эгаси сифатида улардан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш, мустақил экспорт қилиш, даромадларини ошириш, оиласининг моддий фаровонлигини кўтаришлари мумкин бўлади, қўшимча валюта тушумлари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уларни чуқур қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларни инвестициялаш учун имконият яратади», дейилади ЎзА шарҳида.
Шу билан бирга, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш учун чет элда қабул қилинган меъёр ва стандартларга маҳсулотларнинг мувофиқлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш талаб этилади. Шу мақсадда Президент қарори билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига бир ой муддатда миллий қонунчилик ҳужжатларига халқаро карантин қоидаларини татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилган.
Қабул қилинган қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири, нафақат маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга, балки маҳсулотларни чет элга экспорт қилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашадиган ташқи савдо ташкилотларига ҳам экспорт фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи-экспорт қилувчилар учун қўлланиладиган амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлар эндиликда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади. Бу экспорт билан тегишли тажриба ва зарур маблағларга эга, доимий равишда жаҳон бозори конъюнктурасини кузатиб борадиган ҳамда ташқи бозорларда ишончли ҳамкорлари бор ихтисослашган компанияларнинг маҳсулотлар экспорти билан шуғулланиши халқаро амалиётга тўлиқ мос келади.
Бундан ташқари, ушбу меъёрнинг татбиқ этилиши замонавий маркетинг усулларидан, шунингдек, ташқи савдо компанияларининг имконият ва афзалликларидан максимал фойдаланиш имконини беради, бу ўз навбатида республикамиз экспорт салоҳиятини сезиларли даражада кучайтиришга, экспорт географияси ва маҳсулотлар экспорти номенклатурасини кенгайтиришга олиб келади.
Шунингдек, ҳужжатда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширадиган тадбиркорлик субъектларининг рухсат олиш тартибидан ўтишдаги, шу жумладан, маҳсулотларга мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш муддатларининг чўзилиб кетиши каби айрим қийинчиликлар юзасидан кўплаб давлат органларига мурожаатларнинг ечими ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан бундан буён сертификатлаш идоралари томонидан ишлаб чиқариладиган ва четдан олиб кириладиган маҳсулотларга мувофиқлик сертификатлари 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши қатъий белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, қарорда ташқи бозорлардаги ноқулай конъюнктура шароитида ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни таннархидан паст нархда экспорт қилишга мажбур бўлган корхоналар учун солиқ юкини камайтириш чораси назарда тутилган. Шундай қилиб, Махсус эксперт комиссиясининг хулосалари асосида таннархидан паст нархларда экспорт қилинган товарлардан (иш, хизмат) тушум уларнинг амалдаги сотув нархларидан келиб чиққан ҳолда солиққа тортилади, бу ишлаб чиқарувчига солиқдан озод бўлган маблағлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини янада пасайтириш бўйича чораларни амалга ошириш имконини беради.
Мазкур қарор меъёр ва тартибларининг амалга оширилиши республикамизнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотларни олиб чиқишда замонавий маркетинг усулларидан фаол фойдаланиш, шунингдек, маҳсулотлар экспорти билан шуғулланувчи корхоналар сонини кўпайтириш ҳамда уларнинг молиявий барқарорлигини оширишга йўналтирилган.
Мавзуга оид
12:22 / 23.12.2024
Кураш тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга “экспорт” қилиш йўлга қўйилади
16:32 / 19.12.2024
Ўзбекистон Эрон билан қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кучайтиради
11:18 / 27.11.2024
Миллий симфоник оркестри ходимлари маоши оширилади
09:55 / 15.10.2024