Жамият | 14:59 / 22.06.2017
6618
2 дақиқада ўқилади

“Чиноз пахта тозалаш” АЖдан қарийб 10 млн сўмлик жиҳозларни ўмарган шахслар ушланди

Чинозлик Мажид Келдиев (исмлари ўзгартирилган) жамият учун фойдали меҳнат қилиб кун кўриш ўрнига, ўзгалар ҳисобига кун кўришни ўзига касб қилиб олди. Халқимизда “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр”, деган нақл айнан Мажид Келдиев кабиларга нисбатан қўлланилган бўлса ажаб эмас. Бу “олғир” илгари ҳам бир неча маротаба ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун айбланиб, судланган бўлишига қарамай, ўзига тегишли хулоса чиқариш ўрнига яна нафси йўриғига юрди. Боз устига, ўзи ишлаб турган ишохонасига Бобоёр Олимовни ҳам ўғирлик қилишга ундади, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ.

Жорий йилнинг 4 май кунидан 5 май кунига ўтар кечаси соат тахминан 01-30 ларда икки жиноий шериклар Чиноз шаҳри Хўжа маҳалласида жойлашган “Чиноз пахта тозалаш” Акционерлик жамияти биносига орқа томондан девор ошиб ғайриқонуний равишда кириб, бино ичидан жами 9 315 000 сўмлик  электр жиҳозларини яшириш равишда эгаллаб, жиноят жойидан яширинишган.

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ушбу электр жиҳозлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Ҳозирги кунда Мажид Келдиев ва Бобоёр Олимовларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид