Кремль қароргоҳлари масаласида АҚШни "сабри тугаётганидан" огоҳлантирди
Вашингтондан Россия элчихонасининг Нью-Йорк ва Мэриленд штатларидаги қароргоҳлари ёпилиши масаласини ҳал қилишни кутаётган Россия ҳукуматининг сабри тугамоқда, деб огоҳлантирди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Песковнинг айтишича, агар иш жавоб чоралари кўришгача борса, улар АҚШ ҳаракатларига монанд бўлади, бироқ улар айнан қандай бўлиши кераклигини ташқи ишлар вазирлигидан сўраш керак.
28 июнда Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова "Россия 1" телеканалига берган интервьюсида жавоб чоралари тайёрланаётгани ва улар "салмоқли" бўлишини айтганди.
"Жавоб чоралари тайёрланмоқда. Бу, албатта, фақатгина ташқи ишлар вазирлигида ҳал қилинмайди", деб айтганди Захарова.
2016 йил декабрда АҚШ ўз ҳудудидан 35 нафар россиялик дипломат ва уларнинг оилаларини чиқариб юборганди ва Россия элчихонасининг Нью-Йорк ва Мэриленддаги қароргоҳларини ёпиб қўйганди. Ўшанда Россия АҚШ президенти Дональд Трамп ўз лавозимини бажаришга киришиб, бу масалани ҳал қилишини кутган ҳолда жавоб чоралари кўришдан ўзини тийган.
Бироқ Оқ уйга Трамп келгандан кейин ҳам вазият ўзгармай қолмоқда. 2017 йил май ойида "Коммерсантъ" нашри ўз манбаларига таяниб, АҚШнинг бу ҳаракатларига жавоб чораси тариқасида АҚШ элчихонасининг Серебренний Бордаги дала ҳовлиси, Дорожная кўчасидаги омбори ва ҳаттоки АҚШ элчиси қароргоҳи "Спасо-хаус" ёпилиши мумкинлигини маълум қилганди.
"Агар Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасида июлдаги учрашувдан кейин ҳам вазият ўзгармаса, унда Россия акс чоралар кўриш ҳақида жиддий ўйлаб кўради", деб айтганди нашр манбалари.
29 июнда Guardian нашри Трамп АҚШ Россияга нисбатан борадиган ён босишлар рўйхатини тайёрлашни буюрганини маълум қилганди. Вариантлар орасида Россия қароргоҳларининг қайтарилиши ҳам тилга олинган.
Мавзуга оид
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024