Фан-техника | 13:53 / 05.07.2017
4881
3 дақиқада ўқилади

Инҳа университетида Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга доир йиғилиш бўлиб ўтди

Бугун, 5 июль куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида дастурий маҳсулотлар экспортчилари билан Ўзбекистон Президентининг "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда белгиланган вазифалар ижросининг механизмларини тўғри йўлга қўйиш бўйича муҳокама бўлиб ўтди. Ушбу фармон доирасида Ахборот технологияларини ишлаб чиқариш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация маркази ташкил этилмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа давлат органлари вакиллари, шунингдек ахборот технологиялари бозорида фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари ҳамда шу йўналишда таълим олувчи ОТМ талабалари иштирок этишди. "Кун.уз" мухбири шу ҳақида  хабар берди.

"Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация марказининг мақсади - иқтисодиёт соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини марказлаштириш.

Мазкур инновация маркази ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида бутун республика ҳудудида Инновация маркази резидентларини жойлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик тамойили асосида ташкил қилинади. Марказнинг фаолият юритиш муддати 10 йилдан иборат бўлиб, келгусида уни узайтириш имконияти сақлаб қолинади.

Муҳокама тарзида ўтган йиғилишда саволлар билан бирга кўплаб таклифлар ва баҳсли масалалар ҳам кўтарилди. Шуниси қувонарлики, Инновация маркази фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ОТМ талабалари ҳам IT-компаниялар вакиллари билан бир қаторда ўзларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини очиқ баён қилиш имконига эга бўлишди. Стартаперлар лойиҳаларни амалга ошириш йўлида учраётган тўсиқлар, IT соҳасидаги кадрлар масаласи, соҳа мутахассисларининг маоши, муаллифлик ҳуқуқи каби қатор муаммолар муҳокама қилиниб, инобатга олинди.

Тадбирда "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация маркази фаолияти бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олинди. Гуруҳда долзарб масалалар кўриб чиқилади ва вазиятнинг энг оптимал вариантлари тақдим этилади.

Шунингдек марказ қошида кадрларни тайёрлаш бўлимини очиш, ўқитувчилар таркиби сифатини ошириш, уларни рақобатбардош иш ҳақи билан таъминлаш, марказ ва мутахассислар ўртасида ўзига хос кластер тузиш, махсус АТ-мактабларини очиш, маҳаллий кадрларни кўпайтириш, Инҳа ёки Инновация маркази қошида юристлар малакасини ошириш курсларини ташкил қилишга доир таклифлар берилди. Ҳар бир таклиф ташкилотчилар томонидан ёзиб олинди ва батафсил кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Ташкилотчилар шунингдек, барча савол ва таклифлар ўрганилиши баробарида керак бўлса, қонунчиликка ўзгаришлар киритишга ваъда беришди.

Мавзуга оид