22:10 / 07.07.2017
20911

Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг кўтарилиши тўғрисидаги қарорга изоҳ берди

7 июль куни Халқаро Пресс-клубда "Сенат олти ойда: сарҳисоб ва таҳлил" мавзуида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий Банк департамент директор ўринбосари Азимов Зафар Абдумажидович сўзга чиқиб қуйидагиларни маълум қилди:

"Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2017 йилда жуда катта миқдорда тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиб берилди. Кредит қўйилмалари ҳажми олдинги йилларга қараганда ниҳоятда ошиб кетди. 

Ўтган ярим йилликнинг ўзида ўсиш даражаси 45,6 фоизни ташкил қилди. Фақатгина кичик бизнес субъектларининг ўзида 10,2 триллион сўмлик ҳамда йирик инвестицион лойиҳаларни молялаштириш учун 7,2 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. 

Ўзингизга маълумки, бутун дунёда иқтисодий инқироз давом этмоқда. Мана шу инқироз пайтида регулятор, яъни Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасини ошириш  ёки тушириш орқали нархлар барқарорлигини ушлаб туриши, инфляцион хатарларнинг олдини олиш мақсадида шундай қарор қабул қилиши мумкин. Шу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, Марказий банк бошқаруви томонидан, давлатимиз раҳбари томонидан банк тизими олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида қайта молиялаштириш ставкасини 9 фоиздан йиллик 14 фоизга кўтариш бўйича қарор қабул қилди. 

Мазкур қарор қандай мақсадларни кўзда тутади?

⦁    мамлакатда инфляция даражаси ўсишининг олдини олиш;
⦁    инфляцион хатарларни чеклаш;
⦁    истеъмол бозоридаги нархларнинг ўсиб боришини олдини олиш. 

Марказий банк бошқаруви доимий равишда мамлакат истеъмол бозоридаги нархлар барқарорлигини кузатиб боради, таҳлил қилади. Агар ушбу таҳлил натижалари нархларнинг барқарорлигини кўрсатса ҳамда инфляцион хатарларнинг пасайганини кўрсатса, Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасини қайтадан кўриб чиқади ва уни пасайтиради. 

Валюта курсини шакллантиришнинг эркин бозор режимига ўтмоқчи эканмиз, қайта молиялаштириш ставкаси албатта ошиши керак эди, бу ҳам асосий заминлардан бири". 

Шунингдек мутахассис июнь ойида давлатимиз раҳбарининг қарорларига асосан, тижорат банклари устав капиталини ошириш учун 500 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилганини таъкидлади. 

Top