Ўзбекистон | 20:41 / 10.07.2017
29321
2 дақиқада ўқилади

Президент Сергелида метро қурилиши жараёни билан танишди

Фото: ЎзА

Шавкат Мирзиёев Сергели туманида амалга оширилаётган метро қурилиши билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Режага кўра, Тошкент метросидаги Чилонзор йўналишининг Олмазор бекатидан бошланадиган Сергели йўналишида олтита бекат бунёд этилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сергели туманида метро йўлини қуриш ўта мураккаб жарён. Шу боис мазкур йўналишдаги метро ер усти бўйлаб, эстакадалар орқали ташкил этилади.

2017-2020 йилларга мўлжалланган мазкур қурилишга 170,1 миллион доллар сарфланади. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи мазкур иншоот тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланмоқда. Ўзига хос муҳандислик ечимлари асосида бунёд этилаётган транспорт йўли Чоштепа маҳалласидан ўтиб, Сергели туманининг Йўлдош мавзесидаги Мағриб кўчасигача боради. 

Қурилишда фойдаланилаётган техника турларига алоҳида эътибор бериш кераклиги таъкидланди. Бундан ташқари геология масалалари ҳам диққат марказида бўлиши керак. 

Давлат раҳбари янги қурилаётган ер усти метроси ёнидан ўтадиган кўча атрофида икки ва уч қатор дарахт ва гуллар экилиши лозимлигини таъкидлади. 

Президентга Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бугун 2017-2019 йилларга қуриб битказилиши кўзда тутилган мазкур йўналишнинг Туркистон бекатида пойдевор қуйиш ишлари олиб борилмоқда. 

Янги қурилаётган метро бекатларининг дизайни, деворларига ишлатиладиган қурилиш материаллари, тасвирлардан намуналар намойиш этилди. 

Президент бекатлар шинам ва ёруғ бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Ёш дизайнерлар ўртасида танлов ўтказиш бўйича тавсия берди.

1977 йилда Тошкентда барпо этилган илк метро линиясининг узунлиги 12,2 километр бўлиб, тўққизта бекатдан иборат эди. Ўзбекистон ва Юнусобод йўналишлари билан Тошкент метрополитени ривожланди ва узунлиги 39 километрга, бекатлари сони 29 тага етди. 

Мавзуга оид