Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Сергели туманидаги Ўзгариш маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди.
«Инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар бугун маҳаллалар қиёфасида, одамларнинг кундалик ҳаётида яққол намоён бўлмоқда.
Ўзгариш маҳалласи бу борадаги янгиланишларнинг ёрқин намунасидир. Ушбу ҳудудда 45 та кўп қаватли уй, 1 минг 620 та хонадон мавжуд. Уларда 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Маҳаллада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилиб, замонавий инфратузилма ва қулай ижтимоий муҳит яратилди. Хусусан, 10 та болалар майдончаси, мини-футбол майдони, 2 та саломатлик ҳудуди барпо этилди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбари маҳаллада ташкил этилган замонавий когенерация маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Қайд этилганидек, ушбу марказ куз-қиш мавсумида маҳалланинг иссиқлик ва электр энергияси таъминоти барқарорлигига хизмат қилади. Когенерация технологияси орқали табиий газдан аввал электр энергияси олинади, сўнг ажралган иссиқлик сув ва хонадонларни иситишга йўналтирилади. Бу энергия самарадорлигини ошириб, исрофгарчиликни камайтиради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 5,8 миллион долларни ташкил этади. Бу ерга Германияда ишлаб чиқарилган замонавий газ-поршенли қурилмалар ва қозонлар ўрнатилган. Марказ йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 80 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконига эга.
Лойиҳа доирасида 2 километр узунликдаги юқори кучланишли электр линияси қурилиб, умумий тармоққа уланди. Натижада туман марказий электр тармоғидаги юклама 3 фоизга камайди. Марказ ишга тушиши билан 10 та доимий иш ўрни яратилди.
Шу билан бирга, маҳалланинг умумий инфратузилмаси ҳам тубдан янгиланди. 1,4 километр пиёдалар йўлаклари барпо этилди, 12 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми таъмирланди, ички йўлларга асфальт ётқизилди. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида 2 минг 720 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Президент “маҳалла еттилиги” ва ҳудуд фаоллари билан самимий суҳбатлашди. Бу ердаги ўзгаришлар аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, маҳаллани обод ва хавфсиз масканга айлантиришга қаратилган ишлар натижаси экани таъкидланди.

















