Жаҳон | 02:38 / 10.07.2017
16307
5 дақиқада ўқилади

Истанбулда минглаб кишилар иштирокида норозилик намойиши ўтказилди

Фото: AP

Мухолифатдаги асосий Халқ-республикачилар партияси (ХРП) якшанба куни Истанбулнинг Молтепа туманида кўпмингсонли намойиш ўтказди ва Анқарадан Истанбулга қадар давом этган, партия фаоллари ва унинг етакчиси Камол Қиличдарўғли билан 450 километрлик масофани босиб ўтган 25 кунлик «Адолат марши»ни якунлаб беришди, деб хабар қилади РИА Новости мухбири воқеа жойидан.

ХРП партиядан сайланган депутат Энис Берберўғлига нисбатан чиқарилган ҳукмга қарши 15 июнь куни бошланган норозилик маршининг якуни депутат ҳибсда сақланаётган Истанбулнинг Молтепа туманида жойлашган қамоқхона олдида бўлиб ўтди. У Сурияга йўл олаётган Миллий истихборот ташкилоти (MIT) га тегишли юк машиналарининг тинтуви тафсилотларини матбуотга ошкор этгани учун 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Берберўғли суд ҳукми чиқарилганидан сўнг дарҳол ҳибсга олиниб, қамоққа ташланган.

Юк машиналари билан боғлиқ воқеа 2014 йилнинг январида Адана вилоятида бўлиб ўтган, ўшанда ҳарбий хизматчилар MIT’га тегишли юк машиналарини кўздан кечиришган. Cumhuriyet газетаси юк машиналарини кўздан кечириш жараёнида олинган фотосуратлар ва видеороликларни эълон қилиб юборган.

Фото- ва видеоматериалларда артиллерия снарядлари, мина ва бошқа ўқ-дориларга тўла яшиклар кўзга ташланган. Туркия ҳукумати талқинига кўра юк машиналари суриялик туркманларга «моддий-техник инсонпарварлик ёрдами» етказаётган бўлган. Юк машиналарини текшириш иши бўйича 17 нафар турк ҳарбийлари, шунингдек, Адана вилояти жандармерияси собиқ бошлиғи ва тўрт нафар прокурор, жумладан, Адананинг собиқ бош прокурори ҳибсга олинган.

Норозилик маршининг сўнгги икки километрида Қиличдарўғли одил судловни талаб қилиб шиорларни баралла айтиб турган тарафдорлари томонидан яратилган жонли йўлак бўйлаб одимлаган.

«Биз билан 450 километр йўлда Туркиянинг барча шаҳарлари аҳолиси вакиллари бирга юришди. Биз маршни тугатдик, бироқ бизнинг адолат истагидаги курашимиз тўхтагани йўқ. Биз аслида мавжуд бўлмаган одил судловни истаб қадам босдик. Биз ўринсиз жабр кўрганлар — журналистлар ва университетлари ўқитувчилари учун юрдик. Биз бир киши ҳокимияти режими, ИШИД (террорчилик ташкилоти), FETO (Мухолифатдаги исломий тарғибочи Фатҳуллоҳ Гуланнинг ташкилоти) ва РПК (Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси) каби террорчилик гуруҳларига қарши юрдик», — дея баёнот берган Қиличдарўғли митингда чиқиш қилар экан.

Унинг ҳукумат олдига қўйган талабларидан бири ўтган йилнинг июлида рўй берган давлат тўнтаришига уринишдан сўнг жорий этилган фавқулодда ҳолатни бекор қилишдир. Мухолифат етакчиси судьяларни адолатни ҳимоя қилишга чақирди, Конституцион суд аъзоларини эса «президент саройидан келаётган йўриқномаларни бажармаслик»ка ундади. 

«Бугун Туркиянинг турли шаҳарларида бир ярим миллион киши одил судловни ҳимоя қилиб митингларда иштирок этмоқда. Бундай акция — Анқарадан Истанбулга қадар давом этган марш мамлакат тарихида илк марта ўтказилмоқда. Уни ўтказиш чоғида етакчимиз 13 кило вазн йўқотди. Гап фақат депутатимизнинг ҳибсга олинишида эмас, бу сўнгги томчи бўлди холос, биз барча сиёсий маҳбусларни озод этилишини талаб қиламиз. Бизнинг орамизда турли партия вакиллари бор, ҳаттоки ҳукмрон партия вакиллари ҳам. Бизни ҳукумат эшитишига ишонмаймиз. Лекин инсонлар эшитиши ва фикрлай бошлаши лозим», — деган РИА Новостига митингнинг фақат ўз исмини ошкор этган қатнашчиларидан бири — Али.
 
РИА Новости мухбири юра туриб суҳбат қилган истанбуллик Ведат у ва унинг кўпчилик танишлари мухолифат талабларини қўллаб-қувватлашини айтган. «Бироқ ҳукумат томонидан қатағонга учрашдан қўрқиб, ҳамма ҳам митингда қатнашишга жазм қила олмади», — дея қўшимча қилган у.

Митинг кучли хавфсизлик чоралари жорий этилган ҳолатда бўлиб ўтди. Чунки илгарироқ Туркия ҳукумати ИШИД террорчилик гуруҳининг Туркияда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси рамзлари туширилган машиналарда митинг қатнашчиларига ҳужум қилишни режалаштирган олти нафар жангарисини қўлга олганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид