Жаҳон | 08:28 / 12.07.2017
11446
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия ва Хитой Американинг КХДРга қарши санкцияларини қўллаб-қувватламайди

Фото: Reuters

Россия ва ХХР БМТ Хавфсизлик кенгашининг КХДРга қарши АҚШ резолюциясини қўллаб-қувватламайди. У янги санкцияларни кўзда тутади, деб ёзмоқда "Известия" газетаси Россия дипломатия доираларидаги манбасига таянган ҳолда. 

Аввалроқ, Ассошиэйтед Пресс агентлиги икки нафар дипломатга асосланган ҳолда АҚШ ХКнинг доимий аъзолари – Россия, ХХР, Буюк Британия ва Францияга — КХДРга нисбатан янги жазо чоралари қўллашни назарда тутувчи резолюция лойиҳасини тарқатганини хабар қилган эди. Бунга Шимолий Кореянинг эҳтимолий қитъалараро баллистик ракета синови сабаб қилиб кўрсатилганди. 

"Таклиф этилаётган чекловлар Пхеньянга энергия манбаларини етказиш ва ушбу мамлакат фуқароларининг хорижда ишлашини тақиқлашни назарда тутади. Ҳужжатни на Москва, на Пекин қўллаб-қувватлайди", — деган нашр суҳбатдоши. 

Унинг сўзларига кўра, Москва бу масалага ёндашувини аниқлаб олган. У қўшимча санкцияларга қарши. 

АҚШнинг БМТдаги домий вакили Никки Ҳейли расмий Вашингтон яқин кунларда БМТ ХКга Пхеньянга жавоб тариқасида янги резолюцияни тақдим этишини маълум қилган эди. АҚШ бу мамлакатга иқтисодий босимни кучайтириш ниятида. Хавфсизлик кенгашининг бошқа икки доимий аъзоси – Буюк Британия ва Франция ҳужжатни маъқуллаган. 

Шимолий Корея 4 июль куни навбатдаги баллистик ракета синовини ўтказди. Россияга кўра, гап ўрта масофага учадиган ракета ҳақида бормоқда. АҚШ фикрича, у қитъалараро ракетадир.

Мавзуга оид