Жаҳон | 18:20 / 13.07.2017
11872
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдан Афғонистонга 12 минг тонна дуккакли маҳсулотлар экспорт қилинди

Сўнгги йилларда Сурхондарёда илғор технологиялар билан жиҳозланган корхоналар сони тобора ортаётгани импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоятда 2017 йил давомида 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан қарйиб 37 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия, Беларусь, Украина, БАА, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинди.

Импортчи мамлакатлардан бири бўлган Афғонистон Ўзбекистоннинг дуккакли маҳсулотларига асосий харидорларидан бири ҳисобланади.

2017 йил давомида воҳадан хорижга экспорт қилинган 14,3 тоннадан ортиқ бу турдаги маҳсулотларнинг 12 минг тоннадан ортиғи, яъни қарийб 84 фоизи айнан Афғонистонга етказиб берилди.

- Жорий йилда дуккакли маҳсулотларни нафақат Афғонистон, балки Ҳиндистон, Покистон, Эрон каби давлатларга ҳам етказиб бердик, - дейди “Жарқўрғон-мева-сабзавот” МЧЖ вакили А.Рахмонов. - Ушбу маҳсулотларнинг экспортига оид божхона расмийлаштирувини аввалгидан фарқли ўлароқ ўз иш жойимиздан, масофадан туриб электрон тарзда амалга оширяпмиз. Бу эса вақтимизни, сарф-ҳаражатларимизни тежаб, божхона органларига бормасдан маҳсулотларимизни экспорт қилишда жуда қўл келмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, мева-сабзавотларнинг ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ваколати доирасида хорижий ҳамкорларимиз билан бир нечта шартномалар тузиш арафасидамиз. Ўз маҳсулотларимизни мустақил экспорт қилишимиз даромад манбаимиз ортишига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарилишининг янада кенгайишига хизмат қилади, деган умиддамиз. 

Мазкур агрофирма вакилининг таъкидлашича, ушбу экспортёр ташкилот орқали 2017 йилнинг 6 ойи давомида салкам 13,5 минг тонна турли хил мева-сабзавот маҳсулотлари хорижга экспорт қилинган бўлиб, уларнинг 8,6 минг тоннасини дуккакли маҳсулотлар ташкил қилади.

Мавзуга оид