Жамият | 15:15 / 14.07.2017
8265
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда дори-дармон масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраев очиб берган йиғилишга вилоятдаги дори-дармон ишлаб чиқарувчилар, дорихоналар, санитария-эпидемиология назорат маркази раҳбарлари, шунингдек бир қатор мутасадди раҳбарлар таклиф этилди.

Сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилором Носирова сотувга чиқариладиган дориларни сифати, яроқлилик муддати, уларнинг ҳақиқийлигига эътиборни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Сохта дори-дармон воситалари номма-ном санаб ўтилди. Д.Носирова слайдлар ва диаграммалар мисолида республикада учраётган нохуш ҳолатларни бирма-бир тасвирлаб, бундай қонунбузарликларга қарши курашиш ҳар бир мутасаддининг бурчи эканини айтиб ўтди.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 500 дан зиёд хусусий дорихоналар борлиги, уларнинг жойлардаги 340 дан ортиқ шохобчалари, «Дори дармон» АЖнинг чекка қишлоқларда 100 га яқин шохобчалари аҳолига дори-дармон етказиб бераётгани таъкидланди.

Йиғилишда республикамиз буйлаб айни кунларда 150 дан ортиқ фармацевтика корхоналари томонидан 2200 турдан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилиб, аҳолига арзон нархларда етказиб берилаётгани тилга олинди.

Дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетиши ҳолати кузатилаётгани, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Дорихоналарда дори воситаларининг нархини белгиланиши ва назорати хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ваа Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментига юклатилгани айтиб ўтилди. 

Айни пайтда Самарқанд вилоятида 6 та маҳаллий дори-дармон ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, 2017–2018 йилларга мўлжалланган инвестицион лойиҳаларда уларнинг сонини 19 тага етказиш мўлжалланаётгани айтилди. Мавжуд корхоналарда ассортиментлар сони ва ишчи ўринларини кенгайтириш режалаштирилгани таъкидлаб ўтилди.

Йиғилиш давомида дори-дармон саноатига оид кичик кўргазма ҳам ўтказилиб, соҳадаги янгиликлар билан таништирувчи материаллар ҳам тарқатилди.

Ш.Шокиржонов,
Кун.уз мухбири

Мавзуга оид