Жамият | 11:53 / 15.07.2017
33548
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги яна бир олийгоҳ ходими пора билан ушланди

Фото: tashiit.uz

2017 йилнинг 12 июль куни тахминан соат 19:30ларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти Ахборот ресурслари маркази етакчи мутахассиси Фурқат Хасанов фуқаро Абдумалик Эсоновнинг (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) ишончига кириб, унга олийгоҳнинг мансабдор шахсларига пора бериш йўли билан мазкур институтга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг учун ундан 8.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган. Бу ҳақда Тошкент ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди (фирибгарлик, яъни анча миқдорда, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолатчилик қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Олийгоҳга ўқишга кириш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Шунингдек, бунинг учун пора берган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилишлари белгиланган. 

Педагогика университетининг декан муовини пора олаётган вақтда ушланди

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкин.

Мавзуга оид