Ўзбекистон | 21:10 / 18.07.2017
116851
7 дақиқада ўқилади

Гўшт нархи арзон бўлишининг ечими қаерда?

Доим турли рақамларга тўла мақола ёзишдан узоқ бўлганман. Чунки, турли рақамлар ҳисоб-китоби, диаграммалар, график асосидаги ечимлардаги сонлардан иборат мақолани оддий ўқувчига сингдириш маҳол иш. Шундай бўлсада, ҳозирги  кунда жуда долзарб бўлиб турган гўшт нархига доир мақолани рақамларсиз ёзиб бўлмас экан. 

Мен водийда яшайман. Бошқа жойлардаги сингари, айни кунда ўша кундалик эҳтиёж учун ишлатиладиган гўшт маҳсулоти нархи - Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам кескин кўтарилиб кетди. Энди водийнинг уч вилоятида 17 июль кунги гўшт нархлари билан танишинг:

Наманган вилояти (Чорсу бозори, Гўзал ҳудуди, Давлатобод бозорларидаги ўртача нарх)
– 1 кг мол гўшти        – 30 – 33 минг сўм
– 1 кг лаҳм гўшт        – 36 минг сўм

Андижон вилояти (вилоят маркази ва туманлар)
– 1 кг суякли гўшт         – 32-34 минг сўм
– 1 кг лаҳм гўшт        – 38 минг сўм

Фарғона вилояти (Фарғона, Қўқон)
– 1 кг суякли гўшт        – 30 - 32 минг сўм
– 1 кг лаҳм гўшт        – 35 минг сўм

Гўшт қандай етиштирилади?
Нархлар билан танишгач: “Гўшт нега қиммат?” деган саволга жавоб излаймиз... 
Воҳа ва юртимизнинг бошқа вилоятларида қандай билмадим, лекин водий бозорларида қассоблар сўйиб сотадиган гўшт растаси асосан  - хусусий сектор, яъни хонадонларда етиштирилган қорамол ва қўй ҳисобига тўлдирилади. 

Туманларда яшовчи аҳоли хонадонларида алоҳида молхона ва қўйхоналарда ўртача иккитадан ўнтагача қорамол ва қўй боқилади. Қишлоқда туёқ боқиш ўзига яраша машаққатли иш. Чунки, чорва етаклаб боқиш учун яйлов ҳамда уйда ем бериш талаб қилинади. Бўрдоқига боқиладиган новвос, ғунажин ва қўчқорлар алоҳида мавзу. Чунки, бўрдоқи ем-хашакдан ташқари оқсилга бой озуқа ҳам ейиши керак.

Кунжара ва шўлха, кепак сингари кўплаб керакли ем-озуқа вилоятларда мавжуд ёғ-мой корхоналарида ишлаб чиқарилади. Новвосларни асосан 2 ёшдан бўрдоқига боқиш мумкин. Битта бўрдоқи новвосга уч маҳал ем берилади ва бу бир ойга ўртача 650 минг сўм миқдоридаги озуқа деганидир. 

Хонадонда қорамолни семиртириш учун керак бўлган асосий озуқалар нархи:

Кунжара- 1200-1300 сўм (ем-озуқа шохобчаларида), 1800 сўм – эркин савдода
Шўлха – 1100 сўм (шохобчада), 1700 сўм – эркин савдода  
Кепак – 1100 сўм   
Сомон бир боғлами – 6 минг сўм

Новвос 6 ойда етилади.

Гўшт  қимматлашиши сабаби...
1. Озуқа қимматлиги туфайли етиштирилган маҳсулот таннархининг қиммат тушиши. Ёз мавсумида юқоридаги озуқаларни ишлаб чиқарувчи вилоятлардаги ёғ-мой корхоналарида ўтган йилги пахта ҳосилидан олинган чигит тугайди, озуқа ишлаб чиқариш тўхтаб, озуқа ўз-ўзидан қимматлашади. Бу ҳолат ноябрь ойи охиригача давом этади. Яйловсиз ҳудудларда ем-хашак  танқислиги вужудга келади. Бозорларда бўрдоқи қорамол ва қўйлар нархи кўтарилади.  
2. Вилоятларда мавжуд наслчилик ва бўрдоқичилик фермер хўжаликларида бозордаги нархни тушириш учун етарли даражада базанинг йўқлиги.
                         
Водий вилоятларида воҳадан фарқли ўлароқ, яйлов жуда кам. Асосий ер майдонларига пахта ва буғдой экилади. Ўриб олинган буғдой поясидан сомон олинади. Сомон ва кепакдан омухта ем тайёрлаш мумкинлиги учун бу йил ўша халқимиз “пресс” деб атовчи сомон боғламининг нархи ҳам 6 минг сўмга кўтарилди (ўтган йилги нарх 4000 эди ). 
                                            
Бозордаги гўшт нархини туширишни эмас, ишлаб чиқарувчига шароит яратишни ўйлаш керак
Керакли озуқа тайёрловчи ёғ-мой корхоналарида ёз ойларига захира тайёрланганида бугунги ҳолат оғриқсиз ўтарди. Ҳудудлардаги пахта ва буғдой етиштирувчи фермер хўжаликларида туёқли жониворларни кўпайтириш учун етарли эътибор қаратиш ҳам ўз самарасини бериши тайин. Бунинг учун фермер ҳўжаликларида боқиладиган ҳар бир қорамол ва бошқа чорва моллари сони учун етарли даражада озуқа экинларига ер майдони ажратилиши керак. Хонадонларда чорва моллари боқадиган аҳолига алоҳида имтиёзли кредитлар берилишини таъминлаб, ҳудудлардаги ем-озуқа шохобчаларини кўпайтириш лозим.  

Юртимизда айнан гўштга ихтисослашган наслчиликни ривожлантириш соҳасига эътибор бериш лозим. Ҳозирда вилоят ва туманларда фаолият юритаётган чорвачиликка ихтисослашган ҳўжаликларда сутни кўпроқ берувчи наслли чорвага эътибор катта. Паррандачиликни ривожлантириш ҳам ўз-ўзидан гўшт нархига ижобий таъсир қилади.      
       
Гўшт нархини сунъий пасайтириш мумкинми?
Балки, мумкиндир... Лекин, жуда оз муддатга. Гўшт сотувчилар ҳокимликлар талабига биноан маҳсулоти нархини узоғи билан бир ой давомида “юқоридан белгиланган нархда” ушлаб туриши мумкин. Тирик вазнда сотиб олинган қорамолдан фойда қолмагач, улар нархни яна кескин кўтаради ёки касодга учрайди. Барча биладики, бозордаги нархни назорат қилиб бўлмайди, балки ишлаб чиқарувчига шароит яратилса нарх ўзи-ўзидан пасаяди.

Кўпчиликка аён, бозордаги қорамол нархи пасаймаса, қассоблар дўкони пештахтасига арзон нарх ёзиб, гўштни барибир ўзига фойда қоладиган суммада сотади.

Юқорида биз айни пайтдаги муаммоли ҳолат юзасидан номутахассисларча фикр юритдик. Юртимизда бу соҳа ҳақида етарли илмга эга инсонлар фаолият юритувчи алоҳида ташкилотлар борлигини яхши билган ҳолда улардан мавзуга бағишланган  таҳлилий мақолаларни кутиб қоламиз.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид