Жамият | 17:32 / 19.07.2017
5426
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида журналистлар ва ижод аҳли билан учрашувлар бўлиб ўтди

«Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмагаймиз» каби оташин сўзлар вилоятимизда ўтказилган маданий-маърифий тадбирларда кўп бора янгради, — деб ёзади Самарқанд вилоятининг «Зарафшон» газетаси ушбу учрашувлар ҳақида.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, ёзувчи ва шоирлар, мусаввирлар, ҳайкалтарош ва ҳунармандлар иштирок этган тадбирлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида бўлиб ўтди.

Самарқанд шаҳри, Ургут, Тайлоқ, Пайариқ ва Паст Дарғом туманларида ташкил этилган тадбирларда эл таниган ёзувчи ва шоирлар, республика даврий нашрлари муҳаррирлари ҳамда вилоятимиз ижодкорлари аҳоли билан мулоқотда бўлиб, мустақилликнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб, ижод намуналаридан ўқиб беришди.

Самимий руҳда ўтган учрашувларда нуронийлар, турли соҳа вакиллари ва фаол ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топиб, бу каби тадбирлардан катта таассурот олишганини билдирди.

— Тайлоқ тумани аҳолиси билан ижодий учрашувимиз жуда мароқли ўтди, —  дейди Жаҳон шоирлари конгресси аъзоси Азим Суюн. — Айниқса, ёшларимизнинг теран фикрлари мени қувонтирди. Бу ёшларимизга яратилган ва яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар самарасидир. Бу каби шижоатли ёшлардан эртага албатта, буюк инсонлар,  ижодкорлар, ўз соҳасининг етук мутахассислари етишиб чиқишига шубҳа йўқ.

Маънавий-маърифий тадбир Самарқанд шаҳрининг Кўксарой майдонида давом этди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Умаров тадбир иштирокчиларини Самарқандга ташрифи билан қутлади.

Майдонда китоб, газеталар, ранг-тасвир асарлари ва миллий ҳунармандлик намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, тадбир давомида яқинда чоп этилган «Самарқанд адиблари» номли библиографик маълумотлар китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китобда XVII асрдан ҳозирги кунларгача бўлган даврда Самарқанд адабий муҳитида тарбияланган шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос-публицистлар, шунингдек, воҳада туғилиб, камолга етган, бугунги кунда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида қалам тебратаётган ижодкорлар ҳақида маълумотлар берилган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти томонидан яратилган библиографик маълумотнома ижод аҳли томонидан илиқ кутиб олинди.

— Биз ҳар йили Самарқандга, шундай маънавий-маърифий тадбирга ташриф буюрамиз. Тан олиб айтиш керак, буни бошқа вилоятларда учратмаймиз. Бу сизларда анъанага айланган. Ҳар ташрифимизда бир янгиликка дуч келамиз, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. — Бу китобнинг яратилиши жуда ҳам хайрли иш бўлибди. Самарқандлик ижодкорлар ҳар доим янги ташаббуслари билан ажралиб туради. Қўлимдаги китоб билан танишар эканман, бу ташаббусни бошқа вилоятларга ҳам тавсия этишни кўнглимга тугдим. Ҳали бу бошланиши, келгусида янада кенгроқ маълумотга эга ва қаламкашларнинг ижод намуналаридан парчалар келтирган ҳолда библиографик китоблар яратилади, албатта.

Шунингдек, тадбир давомида самарқандлик ижодкорлар — Гулшан Шерматова,  Нафас Дўсанов ва Ғайрат Бобоқуловларнинг яқинда нашрдан чиққан китоблари иштирокчиларга таништирилди.

Жомбой тумани Бешбола мажмуасида давом этган тадбирда ижод аҳли ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди. Самимий руҳда ўтган баҳслар ғолибларига совғалар тақдим этилди.

Мажмуада ташкил этилган учрашувда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев вилоятимизда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш борасида бажарилаётган юмушлар, бунда ижодий жамоаларнинг ҳиссаси ҳақида батафсил тўхталди. Бу борада фаоллик кўрсатаётган ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига миннатдорлик билдирди. 

Тадбирда эл таниган санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

Мавзуга оид