Моуриньо интервью берди. У ёзги трансферлардан рози эмас
«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо АҚШдаги мавсумолди турнеси давомида англиялик журналистга интервью берди.
«Гвардиола менга асосий рақиб эмас»
– Испания чемпионатида икки клуб ўртасида кураш кечарди. Гап нима ҳақида кетаётгани тушунарлидир. Ҳа, кейинги вақтларда «Атлетико» яхши ўйин кўрсата бошлади, улар совринлар учун курашмоқда. Аммо мен «Реал»да, Гвардиола «Барселона»да ишлаганида, вазият бошқача эди. 3 йил давомида барча совринлар учун фақат бизнинг жамоаларимиз ўртасида кураш кечган. Ҳамма бизнинг қарама-қаршилигимиз ҳақида гапирарди.
Кўпчилик бизнинг муносабатларимиз ҳақида янглиш фикрда. Йўқ, биз бир-биримизга душман эмасмиз. Ҳа, мен «Реал» мураббийи эканимда жамоанинг натижалари яхшиланиши учун ҳаракат қилганман. Биз «Барселона»нинг яккаҳокимлигига чек қўйишимиз керак эди. Аммо унутмаслик керакки, биз ўз вақтида битта кийим алмаштириш хонасида, битта жамоа базасида ишлаганмиз. Ҳозир эса биз шунчаки ҳамкасблармиз, бошқа ҳеч нарса. Пеп менга рақобатчи эмас. Сиз буни тушунишингизни истардим.
Албатта, жамоаларимиз рақиблар, биз Англия чемпионатида совринлар учун кураш олиб борамиз. Аммо биз бир-биримизни ҳурмат қиламиз. Бу эса жуда муҳим.
«Манчестер Сити»га қарши бўлажак ўйин ҳақида
– Алоҳида ҳеч нарса йўқ. Бу бошқа ўйинлар қатори ўйин бўлади. Мавсумолди тайёргарлик доирасидаги бу ўйин бошқа ўйинлардан фарқ қилмайди. Албатта, бу рақиб таркибидаги футболчилар «Гэлакси» футболчиларидан кучлироқ.
Биз машғулотларда жисмоний юкламага эътибор қаратмоқдамиз. Мен мавсумда ҳаммани ўйнатишни истайман. Ҳаммани. Мен учун натижадан кўра, ўйин сифати муҳим. Бунинг учун биз қаттиқ меҳнат қилишимиз керак.
Ҳа, буни дерби дейишади. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Одамлар бу ўйинни шу нуқтаи назардан кузатишса керак. Агар биз ютсак – кўпчилик хурсанд бўлади. Ютқазсак ҳам кўпчилик хурсанд бўлади.
Олдиндаги мавсум ҳақида
– Тез орада янги мавсум бошланади. Ўйлайманки, бу мавсум аввалгисидан бутунлай фарқ қилади. Нима учунми? Барча гап Чемпионлар лигасида. Бу мавсумда «Челси» ва «Ливерпуль» ҳам Чемпионлар лигаси туфайли ҳафтасига фақат битта ўйин ўтказа олмайди.
«Челси» ёки «Ливерпуль»нинг натижаларини ерга урмоқчи эмасман. «Челси» чемпион бўлишга лойиқ эди. Аммо шуниси аниқки, сенда ҳафтасига бир ўйин бўлиши, кейин 3 кун дам олишинг устунлик беради.
Янги мавсумда эса бундай бўлмайди. Улар бошқача вазият билан тўқнашади. Лекин Конте ва Клопп қўли остида қандай таркиблар борлигини эътибордан қочирмаслик керак.
Трансфер компанияси ҳақида
– Биз ҳамиша кўпроғини хоҳлаймиз. Биз ҳамиша вазиятни янада яхшилаш мумкинлигини ҳис қилиб турамиз. Афсуски, айни вақтда мен «Юнайтед»нинг трансферларидан қониқиш ҳосил қилдим деб айта олмайман. Йўқ, мен бунда раҳбариятни айбламоқчи эмасман. Лекин ҳаёт ҳақиқати шу. Трансферлар бозорида рақобат кучли. Баъзи футболчиларни олиб келишнинг иложи йўқ. Аввалига биз тўрт футболчини трансфер қилишни режалаштиргандик. Агар «МЮ» 3 футболчи билан чекланса ҳам, мен бундан хурсанд бўлавераман».
Маълумот учун, «Манчестер Юнайтед» ёзги трансферларда шу вақтгача икки футболчи сотиб олди: «Бенфика»дан швециялик ҳимоячи Виктор Линделеф (35 млн евро) ва «Эвертон»дан бельгиялик ҳужумчи Ромелу Лукаку (85 млн евро). Жамоани Уэйн Руни («Эвертон»га Лукаку трансфери доирасида), Аднан Янузай («Реал Сосьедад»га 10 млн евро) ва Жош Ҳарроп («Престон») тарк этди. Жароҳат туфайли сафдан чиққан Златан Ибраҳимович билан шартнома узайтирилмади.
Шунингдек, бир қатор футболчилар ижарадан қайтарилди: Гильермо Варела («Айнтрахт» Ф), Андреас Перейра («Гранада»), Кэмерон Бортуик-Жексон («Вулверҳэмптон»). Сэм Жонстон («Астон Вилла»), Дин Ҳендерсон («Шрусбери») ва Рэган Пул («Нортҳэмптон») ижарага берилган.
Шунингдек «Манчестер Юнайтед» «Интер»дан Иван Перишични сотиб олиши, бу жамоага Антони Марсиял йўл олиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024
«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб
17:38 / 28.10.2024
«МЮ» Эрик тен Ҳагни истеъфога чиқарди
11:34 / 30.09.2024