Жамият | 09:45 / 27.07.2017
12352
2 дақиқада ўқилади

Виждонни пулга сотганлар

Зилола Сапаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам жиноят содир этгани учун жазога тортилган. Бироқ, бел оғритмай мўмай даромад топиш иштиёқи унинг виждонини шу қадар кўр қилиб қўйдики, ҳеч қандай жазодан тап тортмасдан, қизларни авраб, Туркия давлатига олиб кетишда давом этди. У ҳатто ўз қариндошларини ҳам аяб ўтирмади. Унинг у ерда қариялар ва гўдакларга энагалик қилиш, яхши ҳақ тўланиши, бир йилда уй ва машина олиш имкониятига эга бўлиш ҳақидаги ёлғон билан ниқобланган чиройли ваъдалари ҳали ҳаёт аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, оқ-қорани ажрата олмайдиган қизларни ўзига мафтун қилаверди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Хорижга чиқаётган қизлар нима сабабдан Хоразм вилояти ИИБ хорижга чиқиш-келиш ва фуқаролик бўлимидан чет элга чиқиш учун махсус рухсатнома расмийлаштирмагани, нима сабабдан Тошкент шаҳридан эмас, Қозоғистон орқали Туркияга кетишаётгани ҳақида ҳам ўйлаб кўришмади. Уларга ўз ҳуқуқларини ва қонунларни яхши билмасликлари панд берди. Туркияга боргач, Зилола қизларни Нигора исмли аёлга топшириб, келишилган пулни олди-ю, ортига қайтди. Фуқаролик паспортини Нигорага ўз қўллари билан берган қизлар бу ерда унга ҳар томонлама қарам бўлиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлдилар.

Зилола эса яна Қозоғистон орқали мамлакатимизга қайтиб келди. Ўз изларини йўқотиш учун гўёки Қозоғистонда паспортини “йўқотиб” қўйди.

У сотиб юборган қизлар не азоблар билан мамлакатимизга қайтиб келиб, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, қонун ҳимоячиларига мурожаат қилдилар. Суд ҳукми билан З.Сапаева тегишли жазога тортилди.  

 

Мавзуга оид