10:33 / 04.08.2017
11163

АҚШда Lexus суперкарининг 10 дан ортиқ сотилмаган янги нусхаси топилди

Фото: lexus

Lexus компаниясининг АҚШдаги дилерлари ихтиёрида 12 та янги, сотилмаган LFA суперкари борлиги аниқланди. Бу ҳақда Autoblog нашри батафсил тўхталган. Ушбу моделни ишлаб чиқиш 2012 йилда тўхтатилган. 

Аммо сотилмаган суперкарларнинг топилиши қуйидагича изоҳланмоқда. Гап шундаки, 2010 йили буюртмалар сони кескин пасая бошлаган. Машиналар заводда қолмаслиги учун ишлаб чиқарувчи дилерлар ва LFA’нинг бошқа эгаларига модель нусхаларидан қўшимча харид қилишни тавсия қилди. Бунгача уларда бундай имконият мавжуд эмас эди. Шу йўл билан Lexus товламачиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилган. 

Шу билан бирга, АҚШдан бошқа мамлакатларда бу машинадан неча дона сотилмай қолгани маълум эмас. 

Lexus суперкари Япониянинг Айти префектурасидаги заводда ишлаб чиқилган бўлиб, 2012 йил 14 декабрдан модель конвейери тўхтатилган. Ундан атиги 500 дона ишлаб чиқилган. Сўнгги LFA Европага 2013 йил мартида етказилган. Уни ресторатор Николас Шиллинг харид қилган.

Lexus LFA 4.8 литрли V10 мотор билан жиҳозланган. У 6 диапазонли АУҚ билан ҳамкорликда суперкарни ҳаракатга келтиради. Двигатель қуввати 560 от кучига тенг. Машина жойидан соатига 100 км тезликка 3,7 сонияда эришади. Унинг энг юқори езлиги соатига 325 кмни ташкил этади. 

Top