Жамият | 23:07 / 05.08.2017
9945
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик шоира-таржимон Озарбойжон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзосига айланди

Ўзбекистонлик шоира-таржимон Шахло Қосимова Сумгаит шаҳрида Озарбойжон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақида тадбирда қатнашган "Кун.уз" мухбири хабар берди. 

Фото: fb.com Шахло Касымова

Тадбирда Шеърият уйи раҳбари Иброҳим Илёсли, ёш турк ёзувчилари иттифоқи раиси Акбар Гўшали, Озарбойжонда хизмат кўрсатган журналистлар Раҳмон Ўрхан ва Эйруз Мамедов, шунингдек Озарбойжон ёзувчилар уюшмаси аъзолари Аида Эйвазли ва Али Нажафхонли, ёзувчи Алмаз Алиев, журналист Зумруд Балоганова, шоирлар Собир Юсуф ўғли, Элвин Ализода, Эҳтиром Илҳом, Севиж Ғариб, журналист Сулико Дагаргулия, публицист Феруз Шивахонов, Марказий кутубхона директори Егане Аҳмедова, таниқли адиб Сулаймон Ҳусайнов ва маданият ишлари касаба уюшмаси раиси Тамилла Ахундовалар қатнашиб,  ватандошимиз Шахло Қосимова ҳақида илиқ фикрлар билдиришди ҳамда уни Озарбойжон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолари қаторига қўшилгани билан қутлашди.  

Ёш турк ёзувчилари иттифоқи раиси Акбар Гўшали Озарбойжонда ўзбек адабиётига эътибор камроқ бўлгани, бу борадаги алоқаларни кучайтириш зарурлиги, икки мамлакат адиблари иштирокида учрашувлар ташкил қилиш, таржимонларга янада эътиборли бўлиш ҳамда қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш кераклигини таъкидлади. 

Фото: fb.com Шахло Касымова

Шахло Қосимова Али Карим номли Сумгаит шаҳри Шеърият уйининг фахрий аъзоси ҳамдир. Шунингдек шоира-таржимон 2016 йилда Жаҳон ёш туркий ёзувчилар уюшмаси мукофотига лойиқ топилган.

Пойтахтда таваллуд топган Шахло Қосимова  Тошкент давлат халқ хўжалиги институтининг молия-иқтисод факультетини тамомлаган. У асосий мутахассислиги билан бир қаторда озарбайжон тилидаги шеърлар, бадиий асарларни  ўзбек ва рус тилларига ҳамда аксинча, ўзбек ва рус тилларидаги асарларни озарбойжон тилига  таржима қилиш билан шуғулланади. 

Озарбайжоннинг Баку шаҳрида машҳур ёзувчи ва драматург Фируз Мустафонинг "Феруз Мустафо ҳикоялари Шахло Қосимова таржимасида" (“Фируз Мустафа в переводе Шахло Касымовой», 2011) номли ҳикоялар тўплами рус тилида чоп этилган. Шунингдек ўзбек ва озарбайжон шоир ҳамда ёзувчиларининг асарлари ўрин олган "Кўнгил" (“Душа”, 2016) номли тўплам нашрдан чиқишида ҳам Шахло Қосимованинг ҳиссаси катта. 

Фото: fb.com Шахло Касымова

Бундан ташқари, Тошкентда чоп этилган "Замонавий ўзбек ва озарбойжон шеърияти хусусиятлари" (“Особенности современной узбекской и азербайджанской поэзии”, 2016) китобида унинг озарбайжон тилидан ўзбек тилига ўгирилган қатор таржималари жой олган. Шахло Қосимова ўзбек тилида нашрдан чиққан “Замонавий Озарбайжон шеърияти антологияси” (2016) шеърий таржималар китобининг ҳаммуаллифи ҳамдир. 

Фото: fb.com Шахло Касымова

Ш.Қосимова озарбойжон адиби Сулаймон Ҳусаиновнинг “Онт” романини рус тилига таржима қилган (“Клятва”, Сумгаит шаҳри, 2017). Шу билан бирга 2017 йилда Фируз Мустафонинг “Шеърий ассоциациялар” (“Poetik səsləşmələr”) китобидан шоирнинг Шахло Қосимова томонидан ўзбек ва рус тилларига ўгирилган кўплаб шеърий таржималари ўрин логан. 

Шуниси диққатга сазоворки, Шахло Қосимова 2016 йилда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти, ўзбек-озарбайжон дўстлигини тарғиб этган энг фаол таржимон сифатида мукофотланган.


Лола Раҳмонбоева

Мавзуга оид