Жаҳон | 22:36 / 06.08.2017
5913
3 дақиқада ўқилади

Хитой: Шимолий Корея муаммосини бир томонлама санкциялар билан ҳал қилиб бўлмайди

Фото: STR / AFP

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсонга бир томонлама санкциялар Корея яримороли муаммосини ҳал қила олмаслигини айтди. 

"Хитой адолат, холислик ва масъулият тамойили асосида Корея яримороли ядровий муаммосини ҳал қилиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Чексиз санкциялар киритилиши ечим ҳисобланмайди. Биз АҚШ Пекин томондан таклиф қилинган "икки карра музлатиш" ташаббусини жиддий кўриб чиқишига умид қиламиз", деб айтган Ван И Манилада АСЕАН бўйича ўтган тадбирлар давомидаги учрашувда.

Хитой аввалроқ "икки карра музлатиш"– Шимолий Кореянинг ракета-ядровий тажрибаларини ва АҚШ-Жанубий Корея ҳарбий машғулотларини тўхтатиш ва қуролсизлантиришга параллел бориш ва минтақада тинчлик ва хавфсизликни яратиш ташаббуси билан чиққан.

Ван И АҚШ томондан Хитойнинг Шимолий Кореяни қўллаб-қувватловчи бир қатор корхоналарига бир томонлама санкциялар киритилишига қарши чиққан.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Шимолий Корея билан бизнес олиб борувчи Хитойнинг кичик банклари ва бошқа ташкилотларига қарши янги санкциялар тайёрлаётгани маълум бўлганди. Чекловчи чоралар кейинги ҳафталар ичида қабул қилиниши ва Пхеньяннинг ядро ва ракета дастурлари билан боғлиқ молиявий институтларга қарши киритилиши мумкин.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 5 августда Шимолий Кореяга қарши санкцияларни қатъийлаштирувчи резолюцияни қабул қилганди. Бу резолюция Шимолий Кореядан, жумладан, темир, темир рудаси, қўрғошин, кўмир ва денгиз маҳсулотлари импортини тақиқлайди. Шунингдек, Шимолий Кореянинг Ташқи савдо банки ҳисоб рақамлари музлатилади, Шимолий Кореянинг БМТ резолюциясини бузувчи денгиз кемаларига барча давлатлар портларига кириш тақиқланади.

БМТга аъзо давлатлар ўз ҳудудларида шимолий кореялик ишчилар сонини оширмаслик, Шимолий Корея билан янги қўшма корхоналар яратмаслик ва мавжудларини кенгайтирмасликка мажбур бўладилар. Шунингдек, Пхеньяннинг ядро ва ракета дастурлари билан боғлиқ шахсларга қарши янги санкциялар киритиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид