Жаҳон | 21:13 / 07.08.2017
6993
2 дақиқада ўқилади

Африка космик пойгага қўшилди

Африка қолган қитъалардан кечроқ бўлса-да, халқаро космик пойгаларга қўшилди. Ер атрофи орбитасига олиб чиқилган илк африка сунъий йўлдоши Гана давлатининг Кофоридуа шаҳрида жойлашган Барча миллатлар университети муҳандислари жамоаси томонидан ишлаб чиқилган GhanaSat-1 бўлди. Hi-News шу ҳақида хабар берди. 

Лойиҳа олимларнинг икки йилга яқин вақтини олди, унинг нархи эса 50 минг долларни ташкил қилди. Сунъий йўлдош июнь ойида NASA Халқаро космик марказига етказилган ва июль ойида SpaceX компанияси ракетасида космосга олиб чиқилган. 

"Сунъий йўлдошимиз олдида икки асосий вазифа турибди. Биринчидан, у камералари ёрдамида Гана қирғоқларида мониторинг олиб боради. Иккинчидан, биз таълим мақсадларини кўзладик. Сунъий йўлдош орқали олинган маълумотларни мактаб дастурида қўллаш режалаштирилмоқда", - дейди Барча миллатлар университети профессори Ричард Дамоа. 

Орбитага олиб чиқилган сунъий йўлдошдан сигнал келган, бу эса унинг парвози муваффақиятли кечганини билдиради. Табиийки, Гананинг кичик сунъий йўлдоши бошқа мамлакатлар ютуқлари олдида у қадар кучли таассурот қолдирмайди, бироқ бу кичик муваффақият африкалик олимлар учун  улкан миллий аҳамиятга эга. Айниқса, олимларнинг бу борада ўз давлатидан ҳеч қандай ёрдам олмаганини инобатга олганда. 

Тахминларга кўра, Ганадан кейин ЖАР, Нигерия, Кения ва Эфиопия космик агентликлари ўз сунъий йўлдошларини орбитага олиб чиқади. Келаси йили Ангола ўз сунъий йўлдошини учириши эса аниқ маълумотларга асосланган. 

Гана энди ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши остида иккинчи сунъий йўлдошини ишлаб чиқармоқда ва уни янада сифатли камералар билан таъминлайди. Шу тариқа ўрмонларнинг ноқонуний кесилиши ва минералларнинг қазиб чиқарилиши давлат томонидан назоратга олинади. 

Мавзуга оид