22:45 / 11.08.2017
87950

Дунёдаги энг кучли қўриқланувчи тўққиз уй

Шон-шуҳрат ҳам унинг эгаларига қимматга тушади. Бугунги кунда бадавлат кишилар ўз ҳаловати учун жуда катта маблағлар сарфлашади - юлдузларни суратга тушириш учун ҳар қандай жойга кириб боришга тайёр сураткашлар доим топилади. Миллионерларнинг кошонаси "ширин луқма" бўлиб кўринадиган ўғриларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Баъзилар унча аҳамият бермайдиган бир вақтда бошқалар ўз ҳимояси учун ҳатто ядровий зарбага ҳам дош берувчи бутун бошли тизимларни қаторлаштириб ташлашади. Don't Panic дунёдаги энг кучли қўриқланувчи тўққиз уй ҳақидаги маълумоти билан бўлишди. 

Fair Field Estate

Нуфузли Хэмптондаги энг кучли қўриқланувчи ва энг қимматбаҳо уйлардан бири миллиардер Ренардга тегишли. У молиявий маблағларининг катта қисмини санъат асарлари харидига сарфлаб, кошонасини ўзига хос галереяга айлантирган. Уйнинг деразалари ўқ ўтказмайди, ҳар бурчакда - хавфсизлик камералари мавжуд, бутун периметр бўйича қуролланган қўриқчилар кезади.

Зомби бункери

Афтидан, баъзи одамлар зомби-апокалипсис ҳақида ҳаддан ташқари кўп фильм томоша қилган кўринишади. Бу кошонанинг номи ҳам шундай - The Zombie Bunker. Буткул бетондан иборат уй Лондонда жойлашган. Унинг ҳаракатланувчи деворлари темир билан мустаҳкамланган, кириш ва чиқиш учун кўтарма кўприк тизими ишлайди. Зомбилар исён кўтарган ҳолатда қаерга чопиш кераклигини англагандирсиз?

Гейтснинг уйи

Билл Гейтснинг ўзи камтар ва хушмуомала кишидек кўринса-да, у ўз уйини жуда қаттиқ қўриқлайди. Юқори технологияли тизим иссиқлик радарлари ёрдамида уйга киришга уринган кишини аниқлайди, бу ерга келувчи меҳмонларга эса махсус "яқин-бегона" датчиклари бириктирилади. 

Кардашянлар қароргоҳи

Париждаги воқеа оила аъзоларини параноикларга айлантириб қўйди. Кардашян қароргоҳини қачонлардир Blackwater'да хизмат қилган ҳақиқий ёлланма жангчилар қўриқлайди. Кўчаларда юлдузни ўнлаб автомобиллар ҳимоялайди, уйнинг ўзида эса махсус ваҳимали хонаси бўлиб, уни бузиб кириш Форт-Ноксдан-да қийин. 

Maximum Security Mansion

Максимал ҳимояланган кошона - бироз баландпарвоз жаранглайди, тўғрими? Аслида уйнинг номи реал ҳолатни ифодалайди. Бу уйнинг хавфсизлик тизими 7 миллион доллар туради. 

Корбининг оилавий қароргоҳи

Корбининг Калифорниядаги Ҳолливуд тепаликларида жойлашган оилавий қароргоҳи қимматбаҳо хавфсизлик тизими билан машҳур. Уй нафақат ташқаридан бостириб киришдан ҳимояланган, балки зилзилалардан ҳам. Бундан ташқари, Корби эҳтимолий апокалипсис борасида ҳам қайғуришни унутмаган: қароргоҳ остида ҳатто ядровий зарбага дош берувчи кучли бункер яширин. 

Рёнсон қароргоҳи

Нима деб ўйлайсиз, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шахсий хавфсизлиги борасида қайғурадими? Албатта! Унинг қароргоҳи электр панжаралар билан ўралган, периметр бўйлаб эса қуролланган соқчилар сергак туради. Уларнинг нима учун кераклиги тушунарсиз, ахир дарвоза ортида - мина майдони бор. Ер остида эса ядровий портлашга чидамли, Рёнсонни чучхе махфий бошпаналари билан боғловчи туннеллар тармоғи бор. 

Букингем саройи

Ишониш қийин, лекин сайёҳларни ўзига жалб қилиб келувчи бу маскан дунёнинг энг кучли ҳимояланган биноларидан бири ҳисобланади. Саройга олиб борувчи кўчалар суткада бир марта ёпилади ва қўриқчилар уни кўздан кечиришади. Тунда бу ерда махсус бўлим навбатчилик қилади - ҳатто энг кучли қароқчилар ҳам у ердан ўта олмайди. 

Оқ уй

Оқ уйнинг хавфсизлик тизими Ер юзидаги энг мукаммал тизимлардан биридир. У ерда шунчаки декоратив безакдек кўринувчи темир тўсиқ ҳам бекорга эмас - тўсиқ ҳатто танк ҳужумига ҳам бардошли. Кошонанинг бутун ҳудуди, шу жумладан ҳаво кенглиги ҳам сканер назоратида. 

Top