Жаҳон | 11:46 / 22.08.2017
6429
2 дақиқада ўқилади

Трамп Вашингтоннинг бошқа давлатлар тузумларини ўзгартиришини танқид қилди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнот беришича, у Вашингтоннинг бошқа давлатларни Америка хоҳлаганидек қайта қуриш сиёсатини қайта кўриб чиқади. Трамп бу ҳақда Афғонистон ва Жанубий Осиё хусусида миллатга мурожаатида сўз юритди.

«Мен америкаликларнинг АҚШ юритаётган ташқи сиёсатдан норозиликларини тушунаман. Америка ўз хавфсизлигимизга риоя қилиш ўрнига, бошқа давлатларни ўзимиз хоҳлагандек ўзгартириш учун жуда кўп вақт, қувват, пул ва энг муҳими инсонлар умрини йўқотди», —деган Трамп. 

Америка етакчисининг қўшимча қилишича, шу муносабат билан у Афғонистон ва Жанубий Осиёдаги Америка сиёсатини қайта кўриб чиқишга кўрсатма берган. 

У, шунингдек, Вашингтон демократияни бошқа мамлакатларга экспорт қилишда Америка қуролли кучларидан фойдаланмаслигига ваъда берди. Президент нутқи Пентагон сайтига жойлаштирилган.

«Биз Америка қуролли кучларини узоқ ўлкаларда демократия қуришда фойдаланмаймиз ёки бошқа мамлакатларни ўзимиз хоҳлагандек қайта тиклашга уринмаймиз», — деди Трамп Вашингтон яқинидаги Форт-Майер ҳарбий базасидаги чиқишида. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳамкорлари билан бирга, уларнинг ҳаётини ўзгартиришга уринмаган ҳолда умумий қадриятлар ва мақсадларга интилади. 

Мавзуга оид