Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил 5-авлоддаги қирувчи самолётдан яна 17 дона сотиб олади
Исроил мудофаа вазирлиги 5-авлоддаги F-35 Lightning II қирувчи-бомбардимончи самолётидан яна 17 дона сотиб олиш бўйича келишув тузиш жараёнини якунламоқда. Исроилга бу самолётлар маҳаллий қўмондонлик талабига мослаштирилган F-35 Adir версиясида етказилиб берилмоқда. Бу самолётлар 2024 йил охиригача етказиб берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Jerusalem Post нашри хабар берди.
Айни вақтда Исроил ушбу самолётдан 5 дона олиб бўлган. Яна иккита самолёт кейинги ҳафтада, яна бир жуфти эса ноябрда етказилади. Қўмондонлик 5-авлоддаги самолётлар эскадрильясини қўллай бошлашини 2017 йил 7 декабригача эълон қилади.
F-35"Adir": pic.twitter.com/VxfQnThg3x
— Martin Frank (@Davis15Jim) June 23, 2017
Исроил мудофаа вазири Авигдор Либерман ушбу келишув Исроил ва АҚШ муносабатлари чуқур ва кучли эканининг яна бир исботи бўлишини айтган. Исроилнинг маълум қилишича, у самолётнинг нархини 100 млн доллардан камроққа тушира олган.
Самолётлар АҚШ ва Исроил ўртасидаги ҳарбий ёрдам келишуви доирасида сотиб олинмоқда. Исроил 1-келишувда F-35’дан 19 донасини 125 млн доллардан сотиб олган. 14 та самолётга тузилган 2-келишувда самолётлар нархи 112 млн долларга туширилганди. Етказиб берилажак 17 та самолётнинг бир донаси эса Исроилга 80 млн доллардан тушиши кутилмоқда.
АҚШ президенти Дональд Трамп F-35 самолёти ҳақида танқидий фикр билдиргандан кейин у 2016 йил охирида анча арзонлашиб кетганди.